Ўзбекистонда 16–20 ноябрь кунлари илиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳафта охирига бориб ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 8–10 даражагача юқори бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Маълум қилинишича, иш ҳафтаси давомида мамлакат ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб қолади. Бироқ республиканинг шимолий ҳудудлари ва чўл минтақаларининг айрим жойларида 17–18 ҳамда 20 ноябрь кунлари ёмғир ёғиши мумкин.
Ҳафта бошида ҳаво ҳарорати меъёрдан 3–5 даража юқори бўлса, ҳафта охирида бу кўрсаткич 8–10 даражага етади. 16–18 ноябрь кунлари айрим ҳудудларда туман тушиши эҳтимоли бор.
16 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 13–18 даража, жанубий ҳудудларда эса 20–22 даража илиқ бўлади.
17 ноябрь куни кечаси ҳарорат 3–8 даража, кундузи 13–18 даража илиқни ташкил этади. 18–20 ноябрь кунлари эса кечалари 7–12 даража, кундуз кунлари 17–22 даража илиқ бўлиши прогноз қилинган.
Тоғли ҳудудларда 18–20 ноябрь кунлари айрим жойларда ёмғир ва қор ёғиши мумкин. Шамол шарқдан секундига 7–12 метр тезликда эсади.
Тошкентда об-ҳаво қандай бўлади?
Пойтахтда ҳафта давомида ҳаво ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмаяпти.
16–18 ноябрь кунлари кундузи ҳаво 15–17 даража, 19–20 ноябрь кунлари эса 20–22 даражагача илийди. Кечаси ҳарорат 17 ноябрь куни 4–6 даража, 18–20 ноябрь кунлари 10–12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.






