Тошкент шаҳрининг икки туманида ичимлик суви аппаратларини бузиб, улардаги пул маблағларини ўғирлаганликда гумонланаётган бир гуруҳ ёшлар ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда номаълум шахсларнинг ўғрилик содир этаётгани акс этган видеолар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур тасвирларни ўрганиб, воқеага алоқадор шахсларни аниқлаган.
Маълум бўлишича, гумонланувчилар пойтахтнинг Учтепа ва Юнусобод туманларида кўчаларга ўрнатилган фильтрланган ичимлик суви тарқатиш аппаратларини бузиб, уларнинг ичидаги пулларни ўғирлаган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2004 йилда туғилган Р.А., 2007 йилда туғилган И.С. ва М.Н., 2008 йилда туғилган А.Қ., 2010 йилда туғилган Н.Ғ. ҳамда 2011 йилда туғилган Р.О. ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда гумонланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.






