Самарқанд, 2026 йил 10 ноябрь. “BAT Uzbekistan” компанияси Самарқанд шаҳридаги оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатувчи “Раҳмдиллик” бошпанасига 150 дона маиший техника ва жиҳозлар топширди. Бу компаниянинг бошпана билан ҳамкорлиги давомидаги энг йирик ёрдам дастурларидан бири ҳисобланади.

Бошпананинг маиший жиҳозлари деярли тўлиқ янгиланди. Техникалар бошпананинг ўзида ўтказилган учрашув давомида топширилди. Унда “Раҳмдиллик” бошпанаси асосчиси Бибисора Арипова, ҳокимият вакиллари ҳамда компания ходимлари иштирок этди.
Бошпанга музлатгичлар ва музлатиш камералари, кир ювиш машиналари, газ плиталар, микротўлқинли печлар, телевизорлар ва чангютгичлар берилди. Шунингдек, электр чойнаклар, дазмоллар, гўшт қиймалагичлар ва сув кулерлари ҳам топширилди.
Бошпанада истиқомат қилаётган кўплаб аёллар ва болалар учун бу жой узоқ вақт давомида уй вазифасини бажаради. Шу боис кундалик турмуш шароитини яхшилашда маиший техника ва жиҳозларнинг аҳамияти катта.

"BAT бизга биринчи марта ёрдам бераётгани йўқ. Компания ходимлари ҳеч кимдан ёрдам кутиб бўлмайдиган пайтларда ҳам ўзлари келиб, қандай ёрдам кераклигини сўрашган. Биз учун бундай муносабат жуда қадрли", — дейди Бибисора Арипова.
Ўз уйидан бошланган бошпана
“Раҳмдиллик” бошпанаси 1996 йилда ташкил этилган. Унинг асосчиси жарроҳ шифокор Бибисора Арипова мазкур муассасани ўз уйида очган.
Тиббиёт соҳасида ишлаган йиллари давомида у зўравонлик ва оғир жароҳатларни бошдан кечирган кўплаб аёлларга дуч келган. Шунда бу аёлларга нафақат даволаниш, балки ҳаётни қайтадан бошлаш имконияти ҳам кераклигини англаган.
Бугунги кунда бошпана 50 ўринга мўлжалланган. Унда 30 га яқин аёл ва 18 нафар бола истиқомат қилади. Бир йил давомида эса қарийб 500 киши ёрдам олади.
Бу ерда фуқароларга нафақат вақтинчалик бошпана берилади. Тарбияланувчилар психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам олади, янги касбларни ўрганади, иш топади ҳамда мустақил ҳаётга қайта мослашади.
Бундан ташқари, бошпана уй-жой масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади ва Самарқанд вилоятининг чекка туманларидаги ногиронлиги бўлган инсонларни ҳам қўллаб-қувватлайди.
"BAT учун жамиятни қўллаб-қувватлаш алоҳида хайрия ташаббуси эмас, балки барқарор ривожланиш бўйича глобал стратегиямизнинг бир қисмидир. Ўзбекистонда биз ушбу ёндашувни аниқ ва узоқ муддатли лойиҳалар орқали амалга оширамиз.
“Раҳмдиллик» бошпанаси билан ҳамкорлигимиз кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда ва биз учун ёрдамнинг амалий натижа бериши муҳим: кундалик шароитларни яхшилаши, аёллар ва болаларга янада мустақил ва хавфсиз ҳаёт сари қадам қўйишга кўмаклашиши”, — деди BAT Uzbekistan бош директори ўринбосари Сергей Красовский.
Зўравонликка учраган ёки суянчиғисиз қолган аёл учун хавфсиз жой ва ёнидаги ёрдам ҳаётни қайтадан бошлаш имконини беради. Шу сабабли бошпана учун бир марталик эмас, йилдан-йилга ёрдам беришга тайёр бўлганларнинг доимий кўмаги алоҳида аҳамиятга эга.
Самарқанд фабрикаси журналистлар учун эшикларини очди
BAT Uzbekistan компаниясининг Самарқанддаги заводи узоқ танаффусдан сўнг илк бор журналистлар учун пресс-тур ташкил этиб, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, сифатни бошқариш тизими ва экологик ташаббусларини намойиш этди.
Корхона 1997 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Шу давр мобайнида уни ривожлантиришга 320 млн.АҚШ долл. ортиқ инвестиция киритилган. Бугунги кунда завод 25 га майдонни эгаллаб, Буюк Британия, Германия, Италия, Нидерландия, АҚШ ва Финляндиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари томонидан етказиб берилган юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган.

Корхонада сифат ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ISO 9001 халқаро стандартига мувофиқ сифат менежменти тизими жорий этилган, лаборатория эса ISO/IEC 17025:2019 халқаро стандарти бўйича аккредитациядан ўтган. SAP, GMES ва Track & Trace рақамли ечимлари ишлаб чиқариш жараёнларининг шаффофлиги ва кузатиб борилишини таъминлайди.
2024 ва 2025 йилларда завод сифат соҳасидаги юксак натижалари учун BAT компаниялар гуруҳининг ички мукофотларига сазовор бўлган.
Корхонада 500 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади. Уларнинг 91% "Юқори самарадор ташкилот" дастури бўйича ўқувдан ўтган. Компания саккиз йил кетма-кет «Энг яхши иш берувчи» сертификатини қўлга киритмоқда.
Экологик барқарорликка ҳам катта аҳамият берилмоқда. Қуёш энергетикаси қурилмалари йилига қарийб 650 минг кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Келгусида қуввати 5 МВтдан ортиқ бўлган қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган.
1 ва 2-тоифаларга кирувчи иссиқхона газлари чиқиндилари 72% қисқартирилган, сувнинг 60% қайта ишлатилади. 2022 йилдан буён корхона "Чиқиндиларни полигонларга юбормаслик" тамойили асосида фаолият юритмоқда.
BAT компанияси Ўзбекистонда 1994 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Компаниянинг мамлакат иқтисодиётига киритган жами инвестициялари 500 млн. АҚШ долл. ошган. Самарқанд заводидан ташқари, компания 5000 нафардан ортиқ маҳаллий фермер билан ҳамкорлик қилувчи Ургут ферментация заводини ҳам бошқаради.






