Ўзбекистонда аҳолига етказиб берилаётган кўмир нархларининг қанчалик асосли экани ўрганилади. Рақобат қўмитаси нархларни сунъий ошириш ва ортиқча устамалар қўлланишининг олдини олиш устидан назорат ўрнатади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу борадаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сон қарори асосида амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, Рақобат қўмитаси бир нечта йўналишда назорат олиб боради.
Жумладан, устун мавқега эга корхоналар томонидан қазиб олинадиган кўмир нархининг рақобат шароитида шаклланадиган қийматдан асоссиз равишда юқори белгиланишига йўл қўйилмаслиги назорат қилинади.
Шунингдек, аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир етказиб берувчи тадбиркорлар биржадан харид қилган маҳаллий кўмир учун ортиқча устама ва асоссиз харажатларни қўшмаслиги керак.
Бундан ташқари, кўмир бозорида иқтисодий концентрация, яъни бозордаги иқтисодий кучнинг айрим корхоналар қўлида жамланиши бўйича ҳам давлат назорати амалга оширилади.






