АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

АҚШда 70 ёшли маҳбусни қатл этиш жараёни бир соатдан ортиққа чўзилди

Шифокорлар маҳбуснинг венасига томчи дори улаш учун мос жой топишда қийналган ва бу жараён анча вақтга чўзилган.

'АҚШда 70 ёшли маҳбусни қатл этиш жараёни бир соатдан ортиққа чўзилди'ning rasmi

АҚШнинг Техас штатида 70 ёшли маҳбусни ўлим жазосига ҳукм қилиш жараёнида муаммолар юзага келди. Унга ўлимга олиб келувчи препарат юборилганидан кейин эркак қарийб уч дақиқа давомида оғриқдан инграб, ёрдам сўраган. Қамоқхона маъмурияти эса барча жараёнлар белгиланган тартибда ўтказилганини таъкидламоқда. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Рейналдо Деннес 1996 йилда содир этилган қотиллик ва босқинчилик учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қатл Хантсвилл қамоқхонасида амалга оширилган. Бироқ шифокорлар маҳбуснинг венасига томчи дори улаш учун мос жой топишда қийналган ва бу жараён анча вақтга чўзилган.

Ниҳоят, ўлимга олиб келувчи препарат юборилгач, маҳбус инграй бошлаган, Худодан жонини олишини сўраган ва «Бундай бўлмаслиги керак», деган сўзларни такрорлаган.

Қатл жараёнида иштирок этган Associated Press (AP) мухбири Майкл Грачик бу ҳолат аввал гувоҳ бўлган юзлаб қатл жараёнларидан кескин фарқ қилганини айтган. Унинг таъкидлашича, маҳбус кучли оғриқни бошдан кечирган.

Қамоқхона маъмурияти вакиллари эса белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қилинганини билдирган. Шунингдек, улар маҳбус оғриқни бўрттириб кўрсатган ёки атайлаб қийналаётгандек ўзини тутган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

    Бошқа янгиликлар