АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни йил охиригача тугатмоқчи

Оқ уй ўз режасини Европа ва Украина расмийларига етказган. Вашингтон музокараларни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

'Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни йил охиригача тугатмоқчи'ning rasmi

Дональд Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасида 2026 йил охиригача тинчлик келишувига эришишга шошилмоқда. Бунга 2027 йил январидан демократлар АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасида назоратни қўлга киритиши мумкинлиги сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Оқ уй ўз режасини Европа ва Украина расмийларига етказган. Вашингтон музокараларни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Киев АҚШ таклифлари натижасида жиддий ҳудудий ён беришларга мажбур бўлиб қолишидан хавотирда.

Украина расмийлари Starshield тизимига қўйилган тезлик чекловлари ва Patriot ракеталари етказиб берилишидаги кечикишларни Вашингтоннинг Киевга босим ўтказиш ҳаракати сифатида баҳоламоқда.

Трамп эса Россия президенти Владимир Путин урушни дипломатик йўл билан якунлашни исташини айтган. Унинг таъкидлашича, 20 ноябрь куни Хитойда Путин билан учрашувдан сўнг Россия раҳбари урушни тугатиш нияти борлигини билдирган. Трамп келишувга эришишдаги асосий тўсиқ Путин ва Зеленский ўртасидаги кескин муносабатлар эканини қайд этган.

Шу билан бирга, Москва Вашингтоннинг тезкор келишувга эришиш борасидаги оптимистик қарашларига қўшилмаяпти. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Украинанинг NATOга аъзо бўлиши ёки альянс доирасида хавфсизлик кафолатларини олишига қаратилган таклифларни рад этишини билдирган.

Путин ҳам аввалроқ Украина билан қисман сулҳ тузиш имкониятини кўриб чиққанини, бироқ Қрим кўпригига қилинган ҳужумлардан кейин бу фикридан қайтганини айтган.

The Kyiv Independent манбаларига кўра, Трампнинг музокарачилари Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер Берлиндаги учрашувларда ҳозирги музокаралар келишувга эришиш учун сўнгги реал имконият бўлиши мумкинлигини билдирган. Нашр манбалари демократлар 2027 йил январидан Киевга ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада оширишни режалаштираётганини ҳам қайд этган.

    Бошқа янгиликлар