Улардан бирининг паспортидан Венгрия чегара назоратига тегишли сохта муҳрлар ҳамда Польшада вақтинча яшаш учун ариза топширилганини тасдиқловчи қалбаки штамп аниқланган.
Польшада мобил иловалар орқали йўловчи ташиш хизматида ишлаган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатда қонуний яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланди. Улардан бирининг паспортидан сохта чегара муҳрлари ҳам топилган. Бу ҳақда Польша Чегара хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 ноябрь куни Варшава шаҳридаги Фредерик Шопен аэропорти атрофида “Хавфсиз ташув” номли назорат тадбири ўтказилган. Унда Польша Чегара хизмати ходимлари, пойтахт полицияси ва Варшава шаҳар маъмурияти вакиллари иштирок этган.
Тадбир давомида мобил иловалар орқали йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 18 нафар ҳайдовчи текширилган. Улар Озарбайжон, Ҳиндистон, Нигерия, Украина, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Текширувлар давомида 25 ва 31 ёшли икки нафар ўзбекистонликнинг Польшада қонуний яшаш учун зарур бўлган амалдаги визаси ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлари мавжуд эмаслиги маълум бўлган.
Шунингдек, улардан бирининг паспортидан Венгрия чегара назоратининг асл муҳрларига ўхшатиб ясалган қалбаки муҳрлар аниқланган. Ҳужжатда Польшада вақтинча яшаш учун рухсат олиш мақсадида ариза топширилганини тасдиқловчи сохта расмий штамп ҳам бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки фуқарони Польша ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича маъмурий ишлар бошланган.
Улардан бирига Польша ҳудудини 20 кун ичида тарк этиш мажбурияти юклатилган. Бундан ташқари, унга Польша ва Шенген ҳудудига кирувчи бошқа давлатларга 18 ой давомида қайта кириш тақиқланган.
Иккинчи ўзбекистонликка нисбатан эса маъмурий текширув ишлари давом этмоқда.
Маълумотлар Польша Чегара хизматининг расмий хабари билан солиштирилди.






