АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

GTA VI биринчи суткада 3,79 млрд долларлик савдо қилиб, рекорд ўрнатди

Маълумотига кўра, расмий релизга қадар ўйиннинг 32,5 миллион нусхаси сотилган.

'GTA VI биринчи суткада 3,79 млрд долларлик савдо қилиб, рекорд ўрнатди'ning rasmi

Grand Theft Auto VI видеоўйини сотувга чиқарилган дастлабки 24 соат ичида 3,79 миллиард долларлик савдо ҳажмига эришди. Шу тариқа у кўнгилочар индустрия тарихидаги энг йирик маҳсулот релизига айланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Қайд этилишича, жиноятчилик мавзусидаги экшн-адвенчур жанридаги ўйин 19 ноябрь куни бутун дунё бўйлаб сотувга чиқарилган. Rockstar Games маълумотига кўра, расмий релизга қадар ўйиннинг 32,5 миллион нусхаси сотилган.

GTA VI биринчи кунлик савдо натижаси билан ўзидан олдинги GTA V рекордини ҳам янгилади. 2013 йилда сотувга чиқарилган мазкур ўйин дастлабки 24 соатда тахминан 800 миллион долларлик савдо ҳажмига эришган эди. Янги ўйиннинг натижаси эса бундан қарийб беш баробар юқори бўлди.

Шунингдек, GTA VI жаҳон прокатида энг кўп даромад келтирган «Қасоскорлар: Финал» фильмининг натижасидан ҳам ўзиб кетди. Мазкур фильм бутун дунё кинотеатрларида тахминан 2,94 миллиард доллар даромад келтирган.

Ўйин воқеалари Флорида штатидаги Майами шаҳри асосида яратилган хаёлий Вайс-Ситида кечади. Унда Лусия ва Жейсон исмли икки жиноятчи қаҳрамоннинг саргузаштлари акс этган.

GTA VI релизи уни ишлаб чиққан Rockstar Games бош компанияси — Take-Two Interactive молиявий кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Компания ўйинни ишлаб чиқиш харажатлари 1 миллиард доллар ёки ундан кўпроқни ташкил этганини баҳолаган.

Маълумот учун, GTA VI чиқишини мухлислар 13 йилдан ортиқ вақт давомида кутган. Ҳозирча ўйиннинг компьютерлар учун версияси ва онлайн кўп ўйинчили режими қачон тақдим этилиши аниқ эмас. Айрим соҳа таҳлилчилари улар 2027 йилда чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

    Бошқа янгиликлар