АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Индонезияда йўловчи поезди микроавтобус билан тўқнашди: бир киши ҳалок бўлди

Ҳодиса оқибатида микроавтобус ҳайдовчиси ҳалок бўлди, поезднинг уч нафар ходими жароҳатланди.

'Индонезияда йўловчи поезди микроавтобус билан тўқнашди: бир киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Индонезияда Сиантар — Медан йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезди микроавтобус билан тўқнашди. Ҳодиса оқибатида микроавтобус ҳайдовчиси ҳалок бўлди, поезднинг уч нафар ходими жароҳатланди. Бу ҳақда CNN Indonesia хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 20 ноябрь куни Шимолий Суматра провинциясининг Сималунгун округи, Тапиан Долок туманидаги Синаксак ҳудудида содир бўлган. Поезд Сиантар ва Медан станциялари ўртасида ҳаракатланаётган вақтда микроавтобус билан тўқнашган.

Сималунгун полицияси вакили Ҳендри Баруснинг маълум қилишича, микроавтобус ҳайдовчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Ҳозирча унинг шахси аниқланмаган. Ҳайдовчининг жасади транспорт воситаси ичида қисилиб қолгани сабабли қутқарувчилар уни олиб чиқиш ишларини олиб борган.

Тўқнашув оқибатида поезднинг уч нафар ходими ҳам жароҳатланган. Улар Пематангсиантар шаҳридаги Мурни Тегух шифохонасига етказилган. Поездда Сиантар станциясидан йўлга чиққан 264 нафар йўловчининг барчаси омон қолган.

Ҳодиса тахминан соат 16:00 да содир бўлган. Тўқнашувдан сўнг поезд локомотивида кучли ёнғин чиққан, микроавтобус эса бир неча километргача судралиб бориб, бутунлай ёниб кетган.

Воқеа жойига ўт ўчириш хизмати, полиция ва маҳаллий аҳоли жалб этилган. Улар ёнғинни бартараф этиш ҳамда транспорт воситаларини эвакуация қилиш ишларини олиб борган. Ҳозирда ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар