Мексиканинг Синалоа штатида наркокартел етакчиси Фаусто Исидро Меса Флоресни қўлга олиш операцияси қурбонлар билан якунланди. Ҳарбийлар ва наркокартел жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда етти нафар гумонланувчи жангари ва тўрт нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда хорижий нашр маълумотларига таяниб Zamon.uz хабар берди.
"Эл Чапо Исидро" лақаби билан танилган Меса Флорес жума куни қўлга олинган. У шанба куни Мехико шаҳрига олиб кетилган. Уни ҳибсга олиш операцияси давомида Гуасаве шаҳрида Мексика хавфсизлик кучлари ва наркокартел жангарилари ўртасида бир неча соат давомида отишма содир бўлган. Жиноий гуруҳ аъзолари йўлларни тўсиб, юк машиналарига ўт қўйган.
Операция давомида картелнинг яна икки нафар вакили ҳам қўлга олинган. Улардан бири гуруҳнинг эҳтимолий иккинчи раҳбари, "Серафин" лақаби билан танилган Герман Н. бўлса, иккинчиси ташкилотнинг молиявий фаолиятига масъулликда гумон қилинаётган Жосе Н. ҳисобланади. Улар ҳам Мехикога олиб борилиб, прокуратура органларига топширилган.
Меса Флорес АҚШ Федерал тергов бюросининг энг кўп қидирилаётган 10 нафар жиноятчиси рўйхатига киритилган. У аввал Белтран-Лейва наркокартелида юқори лавозимларда ишлаган, кейинчалик ўзининг Меса-Флорес трансмиллий жиноий ташкилотига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Синалоа наркокартелининг "Лос Маёс" фракцияси билан яқин алоқада бўлган. АҚШ ўтган йили ушбу гуруҳни «хорижий террористик ташкилот» деб белгилаган.
Америка расмийлари Меса Флоресни мамлакатга гиёҳванд моддалар олиб киришда айбламоқда. Уни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот ҳам эълон қилинганди.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, Гуасаве шаҳридаги отишма жума куни соат 19:00 атрофида бошланган. Кўп ўтмай, шаҳар узра ҳарбий вертолётлар ва дронлар пайдо бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бейсбол ўйини вақтида ўқ овозларидан қочаётган одамлар, ёнғинлар ва вертолётлардан ердаги нишонларга қарата ўқ узилаётгани акс этган.
Федерал амалдорнинг маълум қилишича, Мексика армияси ва Миллий гвардиянинг махсус кучлари Меса Флоресни Гуасаве шаҳрида фақат шанба куни соат 04:00 да олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Операциядан кейин шаҳарда вазият бироз барқарорлашган. Бироқ экспертлар картел раҳбарининг қўлга олиниши минтақада зўравонликнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Сабаби ҳудудда ўзаро рақобатлашаётган жиноий гуруҳлар ўртасида таъсир доиралари учун кураш давом этмоқда.
Мексика президенти Клаудия Шейнбаум ҳам АҚШ президенти Дональд Трампнинг наркокартелларга қарши курашни кучайтириш борасидаги босими остида қолмоқда. Шейнбаум ўзидан олдинги президентларга нисбатан жиноий гуруҳларга қарши қатъийроқ чоралар кўрмоқда. Унинг президентлигидаги дастлабки икки йил давомида мамлакатда қотилликлар сони сезиларли даражада камайган.
АҚШ Гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси Мексика расмийларининг операциясини юқори баҳолаган. АҚШнинг Мексикадаги элчиси Рональд Жонсон ҳам воқеага муносабат билдириб, ҳамкорлик натижаларини таъкидлаган.
"Бундай натижаларга бир кечада эришилмайди. Улар узоқ муддатли ҳамкорлик ва ишонч асосида юзага келади. Ҳамкорлар биргаликда нималарга эриша олишини айнан шу кўрсатади", — деб ёзган у Х ижтимоий тармоғида.






