АсосийБУ ҚИЗИҚ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистон инглиз тилини билиш бўйича жаҳон рейтингида 101-ўринни эгаллади

Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси бўйича жаҳон рейтингида ўтган йилга нисбатан уч поғона юқорилади.

'Ўзбекистон инглиз тилини билиш бўйича жаҳон рейтингида 101-ўринни эгаллади'ning rasmi

2026 йилги EF English Proficiency Index рейтингида 117 та мамлакат ва ҳудуднинг инглиз тилини билиш даражаси баҳоланди. Ўзбекистон 421 балл билан 101-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилги натижага нисбатан уч поғона юқори, бироқ мамлакатнинг умумий бали 8 пунктга камайган.

Марказий Осиё давлатлари орасида Туркманистон 71-ўрин (476 балл), Қирғизистон 90-ўрин (445 балл), Қозоғистон 99-ўрин (424 балл), Ўзбекистон 101-ўрин (421 балл) ва Тожикистон 110-ўриндан (405 балл) жой олди.

Шу тариқа, Ўзбекистон минтақа мамлакатлари орасида тўртинчи ўринни эгаллади.

Индекс натижаларига кўра, Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси “жуда паст” деб баҳоланган мамлакатлар қаторида қолди. Бу тоифага 450 баллдан кам натижа қайд этган давлатлар киритилган.

Маълумот учун, 2026 йилги рейтинг 2025 йилда 117 та мамлакат ва ҳудуддаги 2,3 миллиондан ортиқ катта ёшли иштирокчи топширган EF SET тестлари натижалари асосида шакллантирилган.

Индекс аҳолининг тасодифий танланган вакиллари ўртасида эмас, ихтиёрий онлайн тест топширган иштирокчилар натижалари асосида тузилган. Шу сабабли уни мамлакатдаги барча аҳолининг инглиз тилини билиш даражасини тўлиқ акс эттирувчи кўрсаткич сифатида қабул қилиш тўғри эмас.

    Бошқа янгиликлар