Бугун, 25 ноябрь куни UEFA Чемпионлар лигаси умумий босқичининг бешинчи тури доирасида бўлиб ўтадиган “Сабаҳ” ва “Барселона” ўртасидаги учрашувга барча чипталар сотиб бўлинди. Бу ҳақда “İdman” нашри хабар берди.
Озарбайжон клуби матбуот хизмати раҳбари Элнур Ҳамидовнинг нашрга маълум қилишича, пакетли сотувлар ҳам ҳисобга олинганда, учрашув учун шу вақтга қадар 66 мингта чипта сотилган.
Боку Олимпия стадионида бўлиб ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.
“Сабаҳ” — “Барселона” учрашуви учун чипталар 8,8 доллардан 882 долларгача бўлган нархларда сотувга чиқарилган. Чипталар савдоси 19 октябрь куни бошланган. Расмий сотув платформаси маълумотларига кўра, энг арзон чипта 15 озарбайжон манати (тахминан 8,8 доллар), VIP зона учун энг қиммат чипта эса 1 500 манат (тахминан 882 доллар) этиб белгиланган.
“Барселона”нинг Чемпионлар лигаси доирасидаги ўз майдонидаги учрашувига чипталар бугунгидан анча қиммат. Жамоа 8 декабрь куни “Манчестер Сити”ни қабул қилади. Ушбу баҳс учун чипталар расмий агентлардан бирида 390 евро (тахминан 450 доллар)дан бошланади.
Маълумот учун, тўртта турдан сўнг “Сабаҳ” ҳисобида уч очко мавжуд. Боку клуби турнир жадвалида 30-ўринни эгаллаб турибди. “Барселона” эса тўққиз очко билан саккизинчи поғонада бормоқда.






