АсосийСПОРТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Бугун Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу жаҳон чемпионлиги учун баҳсни бошлайди

Энди ҳиндистонлик шахматчи чемпионлик унвонини илк бор ҳимоя қилади. Бироқ бу сафар унинг рақиби анча жиддий.

'Бугун Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу жаҳон чемпионлиги учун баҳсни бошлайди'ning rasmi

Бугун, 24 ноябрь куни ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ҳиндистонлик амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳсга киришади. Илк партия Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колоньи ҳудудида жойлашган Мартин Бодмер жамғармасида ўтказилади.

Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.

Қизиғи, ҳар икки шахматчи ҳам 20 ёшда. Жаҳон шахмати тарихида мутлақ чемпионлик учун бундай ёшдаги икки шахматчи ўртасида баҳс ҳали ўтказилмаган.

Гукеш Доммаражу 2024 йил декабрь ойида Сингапурда хитойлик Дин Лиренни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланган. Ўшанда у 18 ёшида шахмат тарихидаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпиони бўлган ва Гарри Каспаровнинг 22 ёшида чемпионликни қўлга киритиш рекордини янгилаган эди.

Энди ҳиндистонлик шахматчи чемпионлик унвонини илк бор ҳимоя қилади. Бироқ бу сафар унинг рақиби анча жиддий. Халқаро шахмат федерациясининг ноябрь ойидаги рейтингига кўра, Жавоҳир Синдаров 2782 очко билан тўртинчи, Гукеш эса 2710 очко билан 26-ўринда бормоқда. Ўзбекистонлик шахматчининг рейтингдаги устунлиги 72 очкони ташкил этади.

Синдаров Кипрда ўтказилган Даъвогарлар турнирида ғолиб чиқиб, жаҳон чемпионлиги учун баҳсга йўлланма олган. У 14 та партияда 10 очко тўплаб, бирор марта мағлубиятга учрамаган. Шунингдек, гроссмейстер 2025 йилда FIDE Жаҳон кубогида ҳам ғолиб бўлган. У Ўзбекистон тарихида мутлақ жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб борадиган илк шахматчи ҳисобланади.

Жаҳон чемпионлиги учун баҳс классик шахмат қоидалари асосида ўтказилади ва максимал 14 та партиядан иборат бўлади. Ғалаба қозониш учун шахматчилардан бири 7,5 очко тўплаши керак.

Классик партиялар 24–26 ва 28–30 ноябрь кунлари, шунингдек, 2–4, 6–8 ва 10–11 декабрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Барча учрашувлар Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.

Агар асосий баҳс 7:7 ҳисобида якунланса, 12 декабрь куни тай-брейк ўтказилади. Унда дастлаб тўртта тезкор партия ўйналади. Ғолиб аниқланмаса, шахматчилар қисқартирилган вақт назоратида баҳсни давом эттиради.

Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Агар ғолиб тай-брейкда аниқланса, чемпион 1,3 миллион, мағлуб эса 1,2 миллион доллар мукофот пулини қўлга киритади.

    Бошқа янгиликлар