Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатор халқаро мусобақаларда иштирок этган боксчи Саят Илёсов Қозоғистон фуқаролигини олди. Энди у халқаро мусобақаларда Қозоғистон номидан иштирок этиши мумкин.
Бу ҳақда спорт журналисти Аслан Каженовга таяниб, Қозоғистоннинг "Sports.kz" нашри хабар берди.
Боксчининг мураббийи Ердос Жанабергенов Қозоғистон Президенти фуқаролик бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Унинг айтишича, тегишли ҳужжатлар миграция полициясига топширилган ва фуқароликни расмийлаштириш жараёни якунланган.
"Президентимиз фармонни имзолагани ҳақидаги хушхабарни эшитдик. Шу заҳоти миграция полициясига бориб, унинг барча ҳужжатларини топширдик. Шу муносабат билан хориждан келган ватандошларимиз — қондошларимизга, биродарларимизга шундай катта кўмак кўрсатиб, барча жараёнларни тезкор расмийлаштириб берганларга миннатдорлик билдираман", — дейди мураббий.
Маълумот учун, Саят Илёсов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 2022 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати бронза, 2023 йилги қитъа биринчилигида кумуш медални қўлга киритган. Шунингдек, 2025 йилда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпиони бўлган ва IBA жаҳон чемпионатида иштирок этган.
Боксчи тарихий ватани шарафини ҳимоя қилиш мақсадида 2026 йил январь ойи охирида Қозоғистонга кўчиб ўтган. Бироқ фуқароликни расмийлаштиришдаги муаммолар сабабли ноябрь ойида ўтказилган Қозоғистон чемпионатида иштирок эта олмаган. Ушбу мусобақага узоқ вақт тайёргарлик кўрган эди.






