24 ноябрь куни ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳсни бошлади.
Илк партия Женева яқинидаги Колоньи шаҳрида жойлашган Мартин Бодмер жамғармасида ўтказилди. Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланган учрашув 22:42 га қадар давом этди. Якунда ҳар икки шахматчи дурангга рози бўлди.
Маълумот учун, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ва унга даъвогар Жавоҳир Синдаров 20 ёшда. Жаҳон шахмати тарихида чемпионлик учун бундай ёшдаги икки шахматчи ўртасида баҳс аввал кузатилмаган.
Гукеш 2024 йил декабрь ойида Сингапурда қўлга киритган жаҳон чемпионлиги унвонини илк бор ҳимоя қилмоқда. У ҳал қилувчи баҳсда хитойлик Дин Лиренни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этган ва 18 ёшида шахмат тарихидаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпионига айланган.
Халқаро шахмат федерациясининг ноябрь ойидаги рейтингига кўра, Жавоҳир Синдаров 2782 очко билан тўртинчи, Гукеш Доммаражу эса 2710 очко билан 26-ўринда бормоқда. Ўзбекистонлик шахматчининг рейтингдаги устунлиги 72 очкони ташкил этади.






