Манҳэттендаги жамоат боғлари тупроғидан олинган бактериялар ўпка саратони ҳужайраларини йўқ қилиш хусусиятига эга бирикмалар ишлаб чиқариши аниқланди. Бироқ тадқиқот ҳозирча лаборатория шароитида ўтказилган бўлиб, унинг натижалари инсонларда саратонни даволаш имконини тасдиқламайди.
Бу ҳақда "ScienceAlert" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Колумбия университети тадқиқотчилари Манҳэттендаги 25 та жамоат боғидан тупроқ намуналарини йиғиб, улардан 17 та бактерия культурасини ажратиб олган. Лаборатория шароитида ўтказилган синовларда уларнинг барчаси ўпка саратони ҳужайраларини йўқ қиладиган бирикмалар ишлаб чиқарган. Бироқ бирикмаларнинг таъсир кучи сезиларли даражада фарқ қилган.
Генетик таҳлил натижаларига кўра, ажратиб олинган бактерияларнинг 80 фоиздан ортиғи Bacillus туркумига мансуб. Онкобиолог Дхруба Деб бошчилигидаги олимлар кейинги синовларда ушбу бактерияларнинг тўртта алоҳида штаммини ажратиб олган.
Улар нафақат инсон ўпка саратони ҳужайраларига, балки инсон лимфомаси, сичқонлардаги йўғон ичак саратони ҳужайралари ва ҳақиқий ўсмаларга ўхшаш уч ўлчамли ўпка саратони моделларига ҳам цитотоксик таъсир кўрсатган.
Тадқиқотда энг кучли таъсирга эга штамм Bacillus wiedmannii бўлган. Олимлар унинг фаоллиги гемолизин BL деб аталувчи оқсил токсини билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Bacillus thuringiensis штаммининг таъсири эса кичик молекулали бета-экзотоксин билан изоҳланган.
Шу билан бирга, бактерияларнинг юқори токсиклиги уларнинг ўсма моделлари ичида жойлашиб олишига тўсқинлик қилган. Шу сабабли тадқиқотчилар келгусида уларнинг фаол бирикмалар ишлаб чиқарувчи генларини зарарсиз Bacillus subtilis бактериясига кўчириш имкониятини таклиф қилган.
Муаллифларнинг фикрича, бундай ёндашув зарарли токсинларнинг таъсирини назорат қилиш ва уларни бевосита ўсмага етказиб бериш имконини бериши мумкин. Бироқ бу усул ҳали экспериментал босқичда бўлиб, унинг самарадорлиги ва хавфсизлигини аниқлаш учун қўшимча тадқиқотлар зарур.
Тадқиқот натижалари "BioDesign Research" илмий журналида эълон қилинган.






