1

Дунёни муҳаббат бошқаришини тасдиқловчи 12 ҳаётий воқеа

ДУНЁ 16.01.2017, 14:22
Теглар: Муҳаббат, Оила
Дунёни муҳаббат бошқаришини тасдиқловчи 12 ҳаётий воқеа

Она заминимизда яшовчи ҳар бир инсон Янги йил куни мўъжиза кутади. Аслида эса ҳақиқий мўъжизани оддий одамлар яратишини ҳар доим ҳам англайвермайдилар. Уни яратиш ҳар бир инсоннинг қўлидан келади. Қуйидаги воқеаларни ўқисангиз, сиз орзу қилган мўъжизани меҳр-муҳаббат яртишига яна бир бор амин бўласиз.

Кўзи ожиз рафиқасини хурсанд қилиш учун 2 йил мобайнида гул эккан эркак

Япониялик эр-хотин Куроки (Kuroki)ларнинг турмуш қурганига 30 йил бўлди. Улар бир умр фермада хўжалик ишлари билан шуғулланишди, икки фарзандни вояга етказиб, нафақага чиққандан кейин саёҳат қилишни орзу қилишганди. Аммо тўсатдан аёлнинг кўзлари кўрмай қолди ва ўзи истамаган ҳолда тарки дунё қилишга мажбур бўлди. Уни ҳаётга қайтариш мақсадида эри икки йил мобайнида уйи атрофига гул экди. Рафиқасининг гулларни кўрмаса-да, ҳидидан баҳраманд бўлишига умид қилди. Атрофи гулларга бурканган уйни кўриш учун кўпчилик бу ерга ташриф буюрадиган бўлди. Курокиларнинг ўзи эса одамлар оқимидан завқланиб, уларни ҳовлидаги ўриндиқда ўтирганча, бахтли табассум билан кузатадиган бўлди. 

Бу йигит унаштириш маросимини ҳам, тўйни ҳам бир кунда ўтказди

2016 йилнинг 1 октябрь санаси Шеррелл Вудворд (Sherrell Woodward)нинг хотирасида бир умр қоладиган бўлди. Айнан шу куни Альфред Дункан (Alfred Duncan) исмли йигит севги изҳор қилиб, унинг қўлини сўради. Қизнинг розилигини олган йигит 6 соатдан кейин тўйни бошлаб юборди!

Алфреднинг айтишича, у тўйини 6 ойдан кейин ўтказишни режалаштирганди, аммо яқинлари ва дўстлари кўмагида тўйни 6 соатда ўтказишга муваффақ бўлди. Келиннинг дугоналаридан бири Шерреллнинг қандай тўй кўйлаги кийишни орзу қилишидан хабар топгач, айнан шу кўйлакни тиктириб, совға қилишди.

57 йилдан бери фалаж рафиқасига ғамхўрлик қилган эркак

Мана 57 йилдан бери хитойлик Чжоу Ю Ай (ZhouYu Аi) исмли эркак фалаж рафиқасига ғамхўрлик қилиб, уни севишдан тўхтагани йўқ. 1959 йилда бўлган тўйларидан 5 ой ўтгач, келин бедаво дардга чалиниб, юролмай қолди. Эркакнинг дўстлари рафиқасидан ажрашиб, ҳаётини бошқа соғлом аёл билан боғлашни маслаҳат беришди, аммо Чжоу бундай насиҳатларга қулоқ тутмади. У ишини ташлаб, бор вақтини рафиқасига бағишлади, шу билан бирга бўш вақтларида фермерлик билан шуғулланди. У ҳар куни севимли рафиқасига қошиқлаб овқат едиради, массаж қилади, дориларини ичиради ва келажакда севгилисининг дардига малҳам топилишига ишонади. Мана буни ҳақиқий муҳаббат, садоқат ва олижаноблик деб аташ мумкин!

АҚШлик оила бир кунда 4 фарзандни асраб олди

Кейлива Жеремибир неча йиллардан бери фарзанд кўришни орзу қилганига қарамай, соғликлари кўтармаганлиги боис, эзгу ниятлари амалга ошмади. Улар фарзандларини дунёга келтирадиган суррогат она топишга қарор қилишди. Бундай аёл топилгач, улар аёл то болани дунёга келтиргунча, унга ғамхўрлик қилишди. Аммо суррогат она бола туғилгач, фикридан қайтиб, болани бермаслигини маълум қилди. Орадан кўп ўтмай, уларнинг кичкинтойи ўлик ҳолда топилди.

Бироқ тақдирнинг инояти билан уларнинг фарзанди оламдан ўтган куни ижтимоий хизмат вакиллари қўнғироқ қилиб, 1 ва 2 ёшли қизалоқларни асраб олишни таклиф қилишди. Орадан бир неча соат ўтгач, яна 9 ойлик эгизакларни боқиб олиш таклифи тушди. Маслаҳатлашган эр-хотин бир суткада 4 қизалоқни асраб олишга қарор қилишди. Энди уларнинг оиласи катта оилага айланиб, хонадонлари болаларнинг қувноқ кулгиларига тўлди!

Турмуш қурганига 52 йил бўлган эр-хотин ҳар куни бир хил рангли кийим кияди

76 ёшли Эд ва 74 ёшли Фрэнларнинг турмуш қурганига 52 йил бўлди. Орадан ярим аср ўтганига қарамай, уларнинг бир-бирига бўлган муҳаббати сўнмаган, балки алангаланган. Улар ҳар доим бирга юришади. Бир неча йиллар муқаддам одамларга ҳақиқий жуфтлик эканлигини кўрсатиш мақсадида бир хил рангдаги кийим кийишга қарор қилишди. Мана буни фикрлар, ҳис-туйғулар, дид бирлиги деб аташ мумкин!

Автоҳалокатга учраган келинни меҳробгача қўлда кўтариб борган куёв

Тўйига бир ой қолганда Ханна Паттерсон (HannahPatterson) автоҳалокатга учради. Тос суягининг уч жойдан синиши, ички аъзоларнинг шикастланиши қизнинг тезда оёққа туришига йўл қўймади. Қиз тўйи куни ногиронлик аравачасида ўтиришга мажбур бўлди. Ханна бундан жуда эзилиб, йиғлади. Никоҳ кечасида ногиронлик аравачасида келаётган келинни кўрган куёв сакраб ўрнидан турди ва уни даст кўтарганча меҳроб ёнига олиб борди. Ёнида шундай меҳрибон ва ғамхўр ёри борлигидан боши кўкка етган келин айни пайтда анча тузалаб қолди.

“Муросага келиш сирлари”ни 9 йил очмай, сақлаган жуфтлик

Тўй куни Кэти ва Брендонлар “Илк жанжалга қадар очилмасин!” деган ёзувли қутини совға сифатида олишди. Бу совғани турмуш ўртоғи билан 50 йил бахтли ҳаёт кечирган келиннинг бувиси совға қилган эди. Жуфтлик 9 йил мобайнида арзимаган жанжаллар қутини очишга мажбур қилмаслиги учун ҳам аҳил-иноқ яшашга ҳаракат қилишди.
Тўй совғаси уларнинг муносабатларига путур етказмаслигигага амин бўлган Кэти ва Брендон орадан 9 йил ўтгач, уни очиб кўришга қарор қилишди. Қути ичидаги буюмларни кўрган эр-хотин ўзларини кулгидан тўхтата олмади. Қутида романтик оқшомни нишонлаш учун иккита бокал, шамлар, гул ва пицца сотиб олиш учун пуллар турарди. Улар ҳақиқий бахтнинг калити қути ичида эмас, айнан ўзларида эканлигига амин бўлишди!

86 ёшли келин ва 85 ёшли куёв муҳаббат ёш танламаслигини исботлади

Муҳаббат учун ёшнинг аҳамияти йўқ. Милли Тейлор-Моррисон (Millie Taylor-Morrison) нинг 41 йиллик турмушидан кейин, 1992 йилда эри вафот этди. Унинг назарида ҳаёт тўхтаб қолгандай туюлди. Аммо бундан бир неча йил муқаддам Милли тасодифан болаликдаги дўсти Гарольдни учратиб қолди. Ўша пайтда Гарольд қаттиқ касал эди, Миллининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги уни ҳаётга қайтариб, мўъжиза юз берди. Оёққа турган Гарольд Миллининг уйига кўчиб ўтди. 2016 йилнинг октябрь ойида 85 ёшли куёв ва 86 ёшли келин никоҳ тўйини ўтказишди. 

Болакай синфдош қизига “замонавий” муҳаббат мактубини битди

Сизнингча фақат катталар севишга қодирми? Болаларга ҳам бу ҳис-туйғу бегона эмас. АҚШдаги бошланғич мактаблардан бирида ёшгина болакай синфдош қизига муҳаббат мактубини битди. Фақатгина замонавий болагина бундай хатни ёзишга қодир. Қизнинг кўзларини тунги осмонга ўхшатган бола, бошдан кечираётган ҳис-туйғуларини қуйидагича тасвирлади: “Сени кўрганимдан кейин қалбим худди шиша парчаларидай майдаланиб кетди. Кейин эса ўзимни худди барча покемонларни тутиб олган инсондай ҳис қилдим...”.
Қизча унинг муҳаббатини рад этди ва фақатгина дўст бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Ким билади дейсиз, балки бу дўстлик орадан 20 йил ўтиб, ҳақиқий муҳаббатга айланар?

Эркак рафиқасига тўйлари бўлган кун муносабати билан “Гарри Поттер”даги “Хотира гирдоби”ни совға қилди

Ким романтик хотираларга берилишни истамайди дейсиз? Шу фикрга келган эркак тўйлари бўлган кун муносабати билан рафиқасига “Гарри Поттер”даги Дамблдорнинг “Хотира гирдоби”ни совға қилишга қарор қилди. Уни яратиш учун эркакка исм-шарифларининг бош ҳарфи туширилган темир товоқча, остига оҳанрабо (магнит) ёпиштирилган шишачалар ва оҳанраболи таёқча керак бўлди. Эркак ҳар бир шишачага бирорта романтик хотира ёзилган мактубларни жойлади. Рафиқаси ўтмишнинг ёрқин хотираларини эсламоқчи бўлса, таёқчани узатса бўлди. Таёқчанинг бир силкиниши оқибатида худди “Гарри Поттер”даги каби унга “хотиралар жойлашган”шишачалардан бири ёпишади!

Бу жуфтлик муҳаббатнинг бидъатдан устунлигини исботлади

Анна-Мария ва Амбросио Лопеслар ўтган асрнинг 50 йилларида танишган. Улар бир кўришдаёқ бир-бирини севиб қолган эди. Аммо қизнинг ота-онаси қора танли, камбағал йигитга қизини беришни истамайди. Шунда Анна-Мария севган йигити билан қочиб кетади. Улар фарзандларини вояга етказиб, невараларининг севимли бува ва бувижонларга айланганига, орадан 60 йил ўтганига қарамай, ҳамон бир-бирларини севади.

Йигит севган қизига 148 маротаба севги изҳор этганига қарамай, қиз буни сезмади

Райан Смит (RyanSmith) исмли йигит Клэр исмли севган қизига 148 маротаба севги изҳор қилганига қарамай, қиз буни сезмади. У олти ой мобайнида “Менга турмушга чиқ!” деб ёзилган севги мактубларини турли жойларга телевизорга, деворга, ҳаттоки пешанасига ёпиштирганда ҳам қиз бунга эътибор бермади. Энг қизиғи Райан бу ҳолатларнинг барчасини суратга олди. Суратлар сони 147 тага етганда йигит улардан романтик видеода фойдаланди. Шундан кейин у эскичасига тиз чўкиб, қизнинг қўлини сўради ва узук совға қилди. Қиз жавобни чўзиб ўтирмай, унинг таклифига бирпасда “Розиман!” деб жавоб берди!

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1