2016 йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Мазкур фармонга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида 18 январь куни фуқароликка қабул қилинган Улугбек Ташметов, Ильхам Турсунов ҳамда Наргиза Турсуноваларга фуқаролик паспортларини тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Паспортларни шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усманов топширди, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Улуғбек Ташметов бундан 24 йил аввал қўшни давлатдан Ўзбекистонга кўчиб келган ва ўтган давр мобайнида тадбиркорлик билан шуғулланиб, пойтахтимиз ёшларининг ташаббускор, интилувчан вакилларидан бирига айланиб ҳам улгурган эди. Аммо унинг Ўзбекистон фуқароси эмаслиги узоқ йиллар давомида ушалмай келаётган армони эди.
“Мен шу пайтгача шу юрт учун қанча хизмат қилган бўлсам, энди у менинг ҳақиқий ватаним, она юртим бўлди. Менинг юртим тараққиётига қўшажак меҳнатим яна ўн чандон ошишига сўз бераман”, - дейди у фахр билан.
Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига мувофиқ, 179 нафар шахснинг аризалари қаноатлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганди.