Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон фуқаролиги берилган шахсларга Ўзбекистон Республикаси паспорти топширилмоқда. Фарғона вилоятида 16 кишига фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳамма учун тенг бўлган ягона фуқаролик белгилаб қўйилган. Фуқаролик давлат томонидан барча шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашнинг асоси ҳисобланади.
Ўзбекистон конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ва унинг ташқарисида ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси ва муҳофазасини таъминлайди. Фуқаролик паспортимизнинг сўнгги бети – муқоваси ичига “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида битилган.
Президентимизнинг юқоридаги фармони халқимиз томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирда юксак шарафга, мақомга эга бўлганлар ўзларининг мамнуният ва шукроналарини билдирди.