Жорий йилнинг охирида Россияда янги купюралар муомалага чиқарилади. Бу ҳақда РФ Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди. Янги купюралар 200 ва 2000 номиналига эга бўлади.
“200 рубллик банкнотада Севастополь акс этади. 2000 рубллик қоғоз пулда Узоқ Шарқнинг машҳур жойлари — Владивосток кўприги ва Амур вилоятидаги Шарқий космодром сурати бўлади”, — дейилади хабарда.
Банкноталар дизайни бўйича якуний қарор Бутунроссия танлови натижасида қабул қилинган. Танлов ўтган йилнинг июнь-октябрь ойларида бўлиб ўтган эди. Унда 5 мингдан ортиқ даъвогарлар қатнашган. 3 миллиондан ортиқ киши иштирок этган овоз бериш жараёнида Узоқ Шарқ ва Севастополь тимсоллари танланди.
Марказий банк раиси Эльвира Набиуллинанинг фикрича, янги пуллар фуқароларнинг маҳсулотлар ва хизматлар учун ҳақ тўлашини енгиллаштиради.
Россия банки, сўнгги маротаба, 2009 йилда 10 рубллик тангаларни муомалага чиқарганди.