Швецияда тўпли хоккей бўйича жаҳон чемпионати матчи бошланишидан илгари Россия мадҳиясини куйлаётган қиз, сўзларни унутиб қўйгани томошабинларнинг жаҳл билан ҳуштак чалишига сабаб бўлди, деб хабар берди “Тvzvezda.ru” нашри.
Мазкур видеоёзувни Твиттер ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири ўз саҳифасига жойлаштирди.
Видеода хонанда қизнинг қўшиқ сўзларини унутгани, оҳангни ўзгартириб юборгани акс этган. Мазкур ижро ижтимоий тармоқларда “бир ярим дақиқалик оғриқ” деб аталди.
Турнирнинг Швециядаги ташкилотчилари Россия мадҳиясини рус тилини умуман билмайдиган маҳаллий “юлдуз”лардан бири ижро этганлигини тушунтиришга ҳаракат қилди. Хонанда қиз мадҳияни куйлаш давомида бир неча маротаба тутилиб қолди. Финал матчи турнир эгалари ғалабаси — 4:3 ҳисоби билан якунланди. Скандинавияликлар ўн иккинчи маротаба дунё чемпиони бўлди.