АсосийShou-biznes

​“Газини бос, Жамшид” фильмининг тақдимотидан: “‘Аватар’га ҳам шунча одам тушмаган”

'​“Газини бос, Жамшид” фильмининг тақдимотидан: “‘Аватар’га ҳам шунча одам тушмаган”'ning rasmi

5 февраль, якшанба куни Алишер Навоий номли киносаройда ёш режиссёр Суръат Исломовнинг “Газини бос, Жамшид” деб номланган кинокомедияси тақдимоти бўлиб ўтди.

Фильм таклифномасида “Хойнаҳой якшанба оқшомида дўстлар билан кўришиб, маза қилиб кулишиб, кайфиятингизни кўтаришни режа қилгандирсиз, унда сизни 5 февраль соат 18:00 да тақдимоти бўлиб ўтадиган ‘Газини бос, Жамшид’ комедиясида кутамиз” деб ёзилган эди. Айтиб ўтиш жоизки, фильм ижодкорлари тақдимот маросимига ташриф буюрган томошабинларни мириқиб кулдиришга муваффақ бўлишди.

Тақдимот маросимига шунчалик кўп томошабин келганидан, кўпчиликка жой етмай қолди. Бироқ шунга қарамай, ҳеч кимни зални тарк этмади ва тик оёқда фильмни томоша қилди.

Тақдимот маросими ноодатий тарзда бошланди. Бошловчилар яъни “МаркаZ” гуруҳи хонандалари фильм бошлангунга қадар томошабинларга яхши кайфият улашиб турди. Саҳнага бир неча хаваскор ижодкорлар таклиф этилиб, улар ўз истеъдодини намойиш этди. Шундан сўнг хонанда Шуҳрат Умар саҳнада қўшиқ ижро этди. Тақдимотда бир нечта қизиқарли ўйинлар ҳам ўтказилди. Фильм ижодкорлари таништирилгач, “Газини бос, Жамшид” фильми намойиш этилди.

Картинада бош ролларни Суръат Исломов ва комик актёр Бахтиёр Турғуновлар маҳорат билан ижро этган.

Фильм воқеалари талаба Жасурнинг ҳомиладор рафиқасининг ёнига Самарқандга шошилаётгани билан бошланади. Жасур Жамшид исмли хазилкаш ва қувноқ ҳайдовчи билан танишади. Улар Самарқандга етиб боргунича бир олам қизиқарли саргузаштларни бошдан кечиради...

“Газини бос, Жамшид” комедиясини томоша қилар экансиз, воқеалар ривожидан зерикмайсиз. Аксинча, “Энди нима бўларкин?” деб кутасиз. Бу эса фильм сценарийси ва режиссураси кучли эканлигидан далолат беради.

Фильм тақдимот маросими тугагач, томошабинлардан бирининг “ ‘Аватар’га ҳам бунча кўп одам тушмаган бўлса керак”, деган хазили қулоққа чалинди. “Аватар”ни билмадик-у, аммо яқин кунлар ичида тақдим этилган ўзбек фильмларининг биронтасида шунчалик кўп томошабинни учратмаган эдик.


Фильм ижодкорлари:

Сценарий муаллифлари: Солиҳ Солиҳов, Суръат Исломов, постановкачи режиссёр: Суръат Исломов, постановкачи оператор: Бахтиёр Набиев, бастакор: Бахтиёр Отахонов, продюсерлар: Эркин Каримов, Суръат Исломов.

Бошқа янгиликлар