“Евровидение-2017” мусиқий танловининг иштирокчиси, россиялик хонанда Юлия Самойлова Украинанинг “Миротворец” сайти томонидан давлат душманларининг рўйхатига киритилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Бу ҳақда ресурс вакили Мирослав Олешко ўз Twitter саҳифасида хабар қолдирди.
“Россиялик хонанда, Киевда ўтказиладиган “Евровидение-2017” кўрик танловида Россия шаънини ҳимоя қилиши лозим бўлган Юлия Самойлова “Миротворец”нинг қора рўйхатига киритилди”, деб ёзди у.
Сайтнинг маълумот беришича, Юлия Самойлова 2015 йилда бир гуруҳ уюшган тўда билан бирга Украина давлат чегарасини ноқонуний равишда бузиб кирган. Шу билан бирга Юлия Самойлованинг “ВКонтакте”даги ҳаволаси, яшаш жойи, туғилган йили, шахсий телефон рақами ҳақида ҳам сайтда ахборот берилган.

“Миротворец” — Украина давлатига қарши бўлган душманлар ҳақидаги ахборот ва маълумотлар базаси ҳисобланади. У Украина ИИВ коллегаси аъзоси, Юқори Раданинг депутати Антон Геращенко ташаббуси билан яратилган. Сайт 2015 йилнинг январь ойидан бери ишлайди. Унга Украина сиёсатига қарши бўлган шахсларнинг шахсий маълумотлари жойлаштирилади ва уларнинг аксарият қисми Украина радикаллари томонидан таъқиб остига олинади.






