Россиялик астроном 2018 йилда Ерда қандай фазовий ҳодисалар юз бериши ҳақида сўзлади, деб хабар берди Tvzvezda.ru нашри.
Урал Федерал университетининг астрономия, геодезия ва атроф муҳитни мониторинг қилиш кафедраси ходими Павел Скрипниченко 2018 йилда Ерда қандай фазовий ҳодисалар юз бериши ҳақида маълумот берди.
Унинг айтишича, 31 январь куни Ой тутилишини кузатишимиз мумкин. Қип-қизариб турган Ойни Шимолий Америка, Европа ва Россиянинг марказий қисмида яшовчи аҳоли кўриши мумкин. Бу 2018 йилдаги илк Ой тутилиши бўлади.
Иккинчи Ой тутилили 2018 йилнинг июль ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Уни Европа, Осиё, Шимолий Америка, Австралия, Антарктида ва Жанубий Америка аҳолиси кузатиши мумкин бўлади.
“Январь ойининг охирида Ерга икки улкан астероид яқинлашади. 1993 VD ва 2003 CA4 астероидлари Ердан узоқ масофада ўтади. Мутахассисларнинг фикрича, улар ҳеч қандай хавф туғдирмайди”, деб маълумот берди Скрипниченко.
144332 рақамли энг йирик астероид эса 2018 йилнинг сентябрь ойида Ердан саккиз миллион километр юқоридан учиб ўтади.






