АсосийMadaniyat

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Агар Мирзо Улуғбек ҳозир ҳаёт бўлганида, ойга ўзбеклар биринчи бўлиб сафар қилган бўларди”

'Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Агар Мирзо Улуғбек ҳозир ҳаёт бўлганида, ойга ўзбеклар биринчи бўлиб сафар қилган бўларди”'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 16 февраль куни Бухоро вилоятига сафари чоғида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ўтган қисқа фурсатда юртимизда диний-маърифий соҳада катта ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар рўй бергани, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани, галдаги вазифа – ушбу тузилмалар билан халқаро марказлар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш, халқаро конференциялар ўтказиш, буюк аждодларимиз меросини дунё бўйлаб кенг тарғиб этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Ана шу мақсадда Буюк Британияга сафар қилган Ўзбекистоннинг етакчи исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегация, хабар қилганимиздек, мазкур мамлакат илмий доиралари, таълим ва маданият муассасалари вакиллари, зиёлилар, диний соҳа намояндалари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида бўлиб ўтган тадбирда Буюк Британиянинг йирик сиёсат арбоби, Парламентнинг Лордлар палатаси аъзоси Муҳаммад Илтаф Шайх бошчилигида ушбу мамлакат нақшбандийлик тариқати вакиллари, уламолар, туристик компаниялар мутасаддилари қатнашди. Учрашувда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ҳалол стандартнинг жорий этилгани, юртимиздаги табаррук қадамжоларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар хусусида маълумот берилди. “Ўзбекистон – ислом маданияти жавоҳири” мавзусидаги тақдимот ва фильм намойиши бўлиб ўтди.

— Ўзбекистон ислом маданияти, фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Агар Улуғбек ҳозир ҳаёт бўлганида, ойга ўзбеклар биринчи бўлиб сафар қилган бўларди. Ал-Хоразмий бўлмаганида замонавий технологиялар ҳам бўлмас эди. Ибн Сино асарлари асосида Европа тиббиётни ўрганган. Биз радикаллашувга Ўзбекистон маданияти ва маърифати билан қарши курашишимиз керак. Сизлар Имом Бухорий ҳадисларини инглиз тилига таржима қилиб, шарҳлаб беринг. Биз бу китоблар билан жаҳолатга қарши курашамиз, — деди Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх.

Айтиш жоизки, Британияда буюк аждодларимиз Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган ва Баҳоуддин Нақшбанд такомилига етказган Хожагон-нақшбандия тариқати вакиллари иқтиқомат қилади. Уларнинг 70 дан зиёд жамоалари бу ўлканинг турли шаҳарларида кенг тарқалган.

— Ўзбекистонда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва тасаввуф алломалари илмий меросига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида эшитиб, очиғи, кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — деди Лондондаги Нақшбандия тариқати етакчиларидан бири шайх Зимер Солиҳий. — Биз учун Бухородан олис бўлган Лондонда туриб, инсон камолоти ва руҳий тарбиясининг беқиёс манбаси бўлган Нақшбандия таълимотига амал қилиш ўта муҳим. Ўзбекистондаги етти пир қадамжоларини зиёрат қилиш, Ғиждувоний ва Нақшбанд ҳазратларининг таваллуд саналарига бағишланган халқаро конференцияларда иштирок этиш орзусидаман. Бу юрт жаҳонга маънавий тарбия устозларини тақдим этган замин сифатида ҳамиша қадрли бўлиб қолади.

Учрашув қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилажак етти пирга бағишланган халқаро семинар ва конференциялар шуниси билан ҳам аҳамиятлики, у Нақшбандия таълимоти уламолари, тадқиқотчиларини бир ерга жамлаш ҳамда улар ўртасида доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради. Бу эса авваллари кузатилмаган ҳодисадир.

Шунингдек, учрашувда Буюк Британияда зиёрат туризми билан шуғулланувчи компания вакиллари қатнашиб, Ўзбекистонга махсус саёҳатларни ташкил этиш истиқболлари ҳақида мулоқот қилдилар.

— Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз каби тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш британияликлар учун жуда ҳам қизиқ. Тўғри, авваллари ҳам туристларимиз Ўзбекистонга саёҳат қилишган. Лекин бу кам сонли зиёратчиларимиз билан чекланар ва доимий асосда кечмас эди. Мақсадимиз европаликлар учун жозибали маршрутларни белгилашдир. Британиялик мусулмонлар исломнинг муқаддас шаҳарлари — Макка, Мадинадан кейин Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилишни албатта исташади, — деди “El-Sawi” компанияси раҳбари Х. Ал-Савий.

— Мен жуда кўп мусулмон юртларда, тарихий шаҳарларда бўлганман, — деди лондонлик имом Муҳаммад Саид. - Ҳеч қандай муболағасиз айтмоқчиманки, Ўзбекистон ҳақидаги филмни томоша қилиб, бу муқаддас заминга маҳлиё бўлдим. Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб билдирган ташаббусларини эшитдик. Бу — ҳозирги мураккаб давр учун ғоят муҳим таклифлар. Экстремизм, радикализмга қарши курашда исломнинг асл манбалари — Имом Бухорий ҳадислари, Насафий тафсирларига мурожаат қилиш лозим. Ўйлайманки, ислом маданиятини чуқур англамоқчи бўлганларни Ўзбекистонга олиб бориш зарур. Улар муқаддас диннинг ҳақиқий моҳиятини шу ерда кўрадилар. Мени Ўзбекистонда нашр этилган Имом Бухорий ҳадислари тўплами – “Олтин силсила” китоби жуда ҳам қизиқтирди. Бугунги кунда нафақат Европада, балки бошқа минтақаларда ҳам ҳадисларни турлича таржима қилиш ва шарҳлаш ҳаракатлари кузатилаётганини ҳисобга олсак, бундай эзгу ишни амалга оширишга исломнинг мўътадил, асл ғоялари тарқалган диёр, Имом Бухорийнинг чин ворислари биринчи галда ҳақли деб ҳисоблайман.

Мулоқотлар самимий ва дўстона руҳда кечди. Иштирокчилар бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш, Европа жамоатчилиги учун Ўзбекистон ҳақида махсус кўргазмалар ташкил этиш таклифини билдирдилар, деб ёзади “Жаҳон” АА.

Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар