Бош прокурорнинг 16 июлдаги буйруғига асосан Рахматов Шавкат Туракулович Тошкент вилояти прокурори вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беради.
У 2018 йилнинг май ойидан шу вақтгача Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Ш.Рахматов 1970 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1995 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1995 йилда Янгийўл шаҳар прокуратурасида бошлаб, Тошкент вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 1998 йилдан бошлаб, Бош прокуратура бошқарма прокурори, Бош прокурорнинг ёрдамчиси, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари, Бекобод туман прокурори лавозимларида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти прокурори Баҳодир Пўлатов 13 июль куни Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.






