Ўзбекистон Президентининг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.
Мазкур қарор асосида Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш, таваллудининг 90 йиллигини муносиб нишонлаш юзасидан катта тайёргарлик ишлари кўрилмоқда, юбилейолди маънавий-маърифий тадбирлари ўтказилмоқда.
Буюк адиб қаламига мансуб “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосида бадиий фильм суратга олиш саъй-ҳаракатлари бу борадаги яна бир салмоқли лойиҳалардан бўлди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси билан “Ёшлар ижодий тажриба студияси” томонидан экранлаштирилаётган мазкур фильм Тошкент вилояти, асосан Наманган вилояти ва қисман Қирғизистонда тасвирга олинмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳрининг “Озод” маҳалласидаги хонадонлардан бирида, вилоят марказий туғуруқхонасида, Чуст туманидаги Ғова қишлоғида ижодий ишлар олиб борилди. Туманимиздаги Мамай қишлоғида эса фильмнинг сўнгги эпизодлари суратга олинди.
Картина “Сариқ девни миниб”, “Сеҳрли қалпоқча” каби фильмлари билан танилган ёш режиссёр Сарвар Каримовга ишониб топширилди. Ижодий гуруҳга Матёқуб Матчонов, Бобур Йўлдошев, Адиз Ражабов, Улуғбек Қодиров каби таниқли актёрлар таклиф этилди. Фильм продюсерлиги эса қирғизистонлик Паризат Жакипбекова зиммасига юклатилди. Унинг айтишича, бу асар асосида охирги 40 йил мобайнида ҳеч ким фильм суратга олмаган. Сценарий бугунги кунларга мослаштирилган, унинг бош қаҳрамонлари Улуғбек Қодиров ва Адиз Ражабов эса Қирғизистонда ҳам жуда машҳур.

Фильмдаги бош қаҳрамон — Асал ролини Қирғизистон академик театри актрисаси Мадина Талипбек ижро этмоқда. Шунингдек, Хадича роли ҳам қирғиз актрисаси Элина Абай қизига насиб этди.

— Ёз фаслининг жазирама кунлари суратга олиш жараёнлари Янгиқўрғон қир-адирларида кечгани айни муддао бўлди. Шу баҳона туман билан яқиндан танишиш, маҳаллий ёшларни 30-июнь куни илк бор нишонланган Ўзбекистон ёшлари куни билан қутлаш имконига эга бўлдим. Фильм экранларга чиққач, янгиқўрғонликлар ўзларига таниш манзараларни кўриб, фахрга тўлишса ажаб эмас, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов.

“Сарвқомат дилбарим” фильми премьераси шу йилнинг декабрь ойига мўлжалланган.






