1

Малика Аҳмедова: «Гап–сўзлар, кўролмасликлар хафа қилади»

МАДАНИЯТ 23.08.2018, 10:51
Малика Аҳмедова: «Гап–сўзлар, кўролмасликлар хафа қилади»

Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедовани яхши танийсиз. У ижро этган рақслар ҳали-ҳамон севиб томоша қилинади. Бугун кўплаб ёш раққосалар учун устоз ҳисобланган санъаткор айни кунларда нималар билан бандлигини билиш мақсадида у билан учрашдик.

Малика опа, ортда қолган кунларни эслаганда нималарни хаёл қиласиз?

— Умримни санъатга бағишладим ва бундан сира афсус қилган эмасман. Ҳали ақлимни танимасимдан туриб, машҳур раққоса бўламан дердим ва бунга астойдил ишонардим. Ўзига шукр, қийинчиликларни енгиб, ниятимга етдим.

Раҳматли ота-онам қалби пок, самимий инсонлар эди. Ўша кезлар санъат йўлини танлаганларга нисбатан қарашлар яхши эмасди, лекин улар раққоса бўлишимга қаршилик қилишмади. Отам ҳиндча қўшиқ куйлаб, рақс тушишимни ёқтирардилар. Қўлимдан етаклаб Хореография мактабига олиб борганлар...

Бир пайтлар «Тўйга чиқмайман» дея барча таклифларни рад этган экансиз.

— Ҳа. Балетмейстер Исохор Оқилов мен учун саҳналаштирган «Таманно» рақсини ижро этганимдан сўнг кўча – кўйда мени таний бошлашди. Исмимни билишмаса-да, рақс либосимдаги гипюрдан тикилган шимни кўпчилик эслаб қолганди.

Йиллар ўтиши билан кўп нарсалар ўзгарди, жумладан, рақс санъатида ҳам ривожланиш бўлди. Ҳозирги раққосаларда техника кучли, лекин улар олмос каби ярақламаяпти. Менимча, бунинг сабаби тўйга чиқиш бўлса керак. Инсон психологияси шундай: бугун бир сўм топса, эртасига ундан кўпроғини хоҳлайди. Бир пайтлар менга ҳам тўй таклифлари бўлган. Аммо катта-катта раҳбарларнинг илтимосини ҳам рад этганман. Мен катта саҳна учун туғилганман, дердим доим. Тўйга одамлар бир-бирларини кўриш, суҳбатлашиш учун боришади. Раққоса минг жон куйдириб хиром айламасин, ижроси муносиб баҳоланмайди.

Бир манбада исмингизни Моҳира деб ўқигандим.

— Туғилганимда отам раҳматли Моҳира деб исм қўйганлар. Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида ишлаётганимда онам билан биргаликда бошқа раққосаларникига ўхшамайдиган, чиройли, ялтироқ безакли либослар тикардик. Француз тилида ўқидим, аспирантурага ҳам кирдим. Кейин шарж (карикатура тури) ҳам чизардим. Ҳатто “Муштум” журналига ишга чақиришган. Шеърлар ёзганман. Хуллас, анча нарса қўлимдан келарди.

Хореографияда таҳсил олаётганимда устозларимнинг кўпчилиги рус миллатига мансуб эди. Шу боис биз рус тилида сўзлашардик. Улар мени «Маҳейра», деб чақиришарди. Исмимни бузиб айтишаётганидан жаҳлим чиқарди. Бир куни отамга «Исмимни Малика қўяйлик!» деганман. Оилада тўртинчи, эрка фарзанд бўлганим учун отам кўнган ва дарров исмимни ўзгартириб келганмиз. Шу тарзда Малика асл исмимга айланди.

Репертуарингиздаги қайси рақсни ҳали ҳам яхши кўриб ижро этасиз?

«Наманган тановари»га рақс тушишни ёқтираман. Тошкентнинг 2200 йиллиги тадбирларида Камолиддин Раҳимовнинг «Наргиз» қўшиғига рақс саҳналаштирганмиз. Французча яшил велюрдан узун кўйлак тиктирганмиз. Ўша кезлар бундай рақс либосини тиктириш осон эмасди. Ёдимда, Япониядаги фестивалга борганимизда Камолиддин ака қўшиқ куйладилар, мен эса кўзимда ёш билан рақс тушдим. Томоша қилаётган япон аёллари қўшиқ сўзларига тушунишмаса-да, ҳаракатларимдан таъсирланиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Кейин Қундуз опа «Мақом»ни мен учун саҳналаштирдилар. Бу ҳамжуда ажойиб, гўзал рақс.

Агар сизга етарли маблағ берилса, қай бир орзуингизни амалга оширган бўлардингиз?

— Рақс мактаби очган бўлардим. Чунки ҳар қандай ёшда рақс тушиш саломатлик учун фойдали. Айниқса, қомати чиройли бўлишини истаганларга рақс тушишни маслаҳат бераман.

Бугуннинг рақс маликаси, деб кимни айта оласиз?

— Катта авлод вакиллари шу кунга қадар Мукаррамахоним Турғунбоевани рақс маликаси деб билишади. Назаримда, бугун ҳам Мукаррама опа малика бўлиб қолаверади.

Бир иш билан Олий Хореография мактабига борган эдим. Устозлик қилаётган раққосаларимиз Мукаррама опа саҳналаштирган номерларни ўргатаётганларини кўрдим. Демак, рақс маликаси деган номни айни дамда ҳам Опага берсак арзийди.

— Таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосов суратга олган «Сен етим эмассан» фильмида Барно ролини ижро этганингиз кўпчилик учун янгилик бўлса, ажабмас...

Ўша пайтлар рақс мактабида ўқирдим. Фильмда суратга тушишга кўп­лаб номзодлар бор эди. Уларнинг орасидан танлаб олинганимдан кейин масъулияти ҳам шунга яраша бўлди. Сўзларни юракдан айтиш, қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатларини ишонарли ифодалаш, воқеликнинг «ичига кириш» талаб этиларди. Суратга олиш майдончасига боришим учун ўқитувчиларим рухсат бермаган пайтларҳам бўлган. Баъзан бундан жуда хафа бўлардим.

Либослар борасида аёлларга қандай маслаҳатберган бўлардингиз?

Оддий, бироз кенгроқ либоскийишни ёқтираман. Бу борада қизим энг яхши маслаҳатчим. Қоматга ёпишиб турадиган кўйлак кийишни ёқламайман. Чунки бундай либослар аёлни назокатли кўрсатмайди. Ҳар бир аёл дид билан кийинишга интилиши лозим.

Қисқа ва лўнда

- Сизнингча, муҳаббат бу...

- Садоқат. Ана шундагина ҳақиқий муҳаббат бўлади.

- Кимни кўп соғинасиз?

- Раҳматли ота-онамни ва уларнинг сўзларини.

- Ким ёки нима сизга илҳом бајишлайди?

- Қизим ва гўзал табиат манзараси.

- Охирги марта жаҳлингиз чиқди: кимдан ёки нимадан?

- Киши ҳаёти давомида кўп хато қилиши мумкин. Лекин ортингиздан билиб-билмай гапиришлари, кўролмасликлари хафа қилади.

- Севимли санъаткорингиз?

- Фаррух Зокиров.

- Бир умрлик орзуингиз?

- Қизимнинг бахтини кўриш.

- Қаерда ёлғиз қолишни истардингиз?

- Ҳеч қачон ёлғиз қолишни истамайман, гарчанд, у кошона, қаср бўлса ҳам.

- Парҳез тутганингизда ҳам сиз бош тортмайдиган таом?

- Парҳезга қаршиман. Инсон кўнгли нимани тусаса ҳаммасини истеъмол қилиши лозим. Фақат оз-оздан.

- Кайфиятингиз бўлмаганда...

- Кайфиятим йўқлигини ҳеч кимга билдирмайман. Бундай пайтлар ҳовлига сув сепишни яхши кўраман. Сув мени тинчлантиради.

- Пардоз қилаётганингизда ...

- Ҳар бир аёл гўзал бўлишга интилиши шарт деб биламан. Мухлисларим аввалқандай яхши кўришган бўлишса, ҳар доим шундай қиёфада эслашларини истаганим учунгина пардоз қиламан. Ҳеч қачон ўта ёрқин, кўзга ташланадиган даражада бўянмаганман.

МОҲИНУР суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1