Турсунзодалик ҳожи Камол Мадумаров — машҳур соҳибкорнинг хотиралари, ўй-кечинмалари, орзу-армонларини билгимиз келди, деб ёзмоқда ЎзА. Ошкора ва самимий мулоқотни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
– Ҳожи бобо, сиз эл назарида ниҳоятда кўнгли очиқ, хушчақчақ ва дилбар инсонсиз. Бу ниманинг ифодаси – азалдан шундай характерга эгамисиз ёки ҳалол меҳнат орқали топилган қадр ва эътибор нишонасизми?
– Саволингизга нима деб жавоб беришга ҳам ҳайронман. Ҳа, десам, ўзимни мақтаганга чиқиб қолмасмиканман. Сираси, мақтов кимга ёқмайди дейсиз. Агар у ўринли бўлса, самара келтиради. Йўқса, инсон камолоти йўлидаги ғовга айланади. Бизнинг ишимизни ҳам тез-тез олқишлаб туришади. Бу менга ҳар гал одамийлик ва ишбошилик масъулиятини кучайтиришга навбатдаги чорловдек бўлиб туюлади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Зеро, шахсий манфаат учун эмас, кўпчилик хизматига бел боғлаган одамнинг юраги эл-юрт ташвиши-ю интилишлари билан ҳамоҳанг тепиши, умумнинг кўксига шамол теккан онлардагина ҳаловат туйиши лозим, деб ўйлайман.
Лекин сиз тилга олган хулқим раҳматли ота-онамдан мерослиги рост. Падари бузрукворим Муҳаммадумар Зайлонов хушхулқ, ростгўй, кишининг кўзига тик қараб гапирадиган, кулса, сидқидилдан яйраб куладиган, ўзини қадрлаш баробарида, ўзгаларнинг қадрини ҳам яхши биладиган одам эди. Биз, фарзандларини ҳам шундай умргузаронлик қилишга даъват қиларди. “Ҳамиша тўғриликка таянинглар. Ҳалол меҳнат – фаровонлик калити. Ҳеч қачон ишдан қочманглар. Ана ўшандагина кўнглингиз нурга тўлиб, юзингиз ёруғ бўлади!” – деган дил сўзларини қулоғимизга тез-тез қуйиб турарди.

Волидаи муҳтарамам Хадичахон Абдуллаева ҳақида ҳам узундан-узоқ гапириб беришим мумкин. Бироқ вазиятдан келиб чиқиб, фақат шуни айтмоқчиманки, жаннати онам дадамга жуда муносиб аёл эди. Катта рўзғор юмушларидан боши чиқмаса-да, зинҳор нолимасди. қўллари қадоқ эди. “Рўзғор омочи”ни отам билан бирга тортишга ярарди. “Отангдан ўрган. Отангдай бажар. Отангнинг чизган чизиғидан чиқма….” дегани-деган эди. Хўш, энди айтинг, шундай бир тарбия ва ибрат шароитида биз, ўғил-қизлар бошқача бўлиб улғайишимиз мумкинмиди?! Тиниб-тинчимаслик орқасидан камчилик кўрмадик, ҳайтовур. Ҳалол таомнинг таъмини ҳалол тер тўкканларгина билишади.
– Совет тузуми давридаги асоссиз қатағонлар, “қулоқчиликка барҳам бериш” кампанияси ва ҳоказо кўргиликларни эслаш оғир, албатта. Хусусан, “қулоқлик қисмати” сизларнинг оилангизга ҳам бегона бўлмаганлигидан огоҳмиз. Шулар ҳақида нима дея оласиз?
– Қисмат тушунчасини ҳар ким ҳар хил талқин қилади. Айрим кишилар “Тақдирдан қочиб қутулолмайсан”, деб уқтирса, бошқалари “Пешонангга нима ёзилган бўлса, ўшани кўрасан”, – дея такрорлашдан чарчамайди. Элчиликка хос лафз экан, бунақа гап-сўзлар беихтиёр ўзимизнинг ҳам оғзимиздан чиқиб туради. Аммо масала моҳиятига теранроқ назар ташласак, тушкун бир манзарани кўрамиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бундан чиқди, минг чиранганим билан пешонамга ёзилганидан бошқа нарсани кўрмайман деганча, Яратганнинг марҳаматига кўз тикиб, қўлни қовуштириб ўтираверишимиз керак экан-да. Бунақа кайфиятдаги кимсалар эрта бир кун пешонаси шўрлигидан нолишга ўтишса, мен асло ажабланмайман.
Мен Худо берган тақдиридан шукр қилиб яшайдиган инсонлар тоифасига мансубман. Ишимиз бошимиздан ошиб-тошиб ётгани сабабли, илмий китобларни кам ўқийман. Шунга қарамай, эшитганим борки, баъзи руҳшунослару қисматшуносларнинг таъбирича, ҳаёт йўлларининг қай зайлда қарор топишига ҳар қайси шахс хоҳиш-мақсадларининг ўзи замин яратар экан. Оддий фуқаро тили билан айтганда, бу – ниятингга яраша кўрасан, деган маънони англатади. Шундай экан, азалий турмушга эш бўлган катта-ю кичик муаммолар, қийинчиликлар ва тўсиқлар олдида эсанкирамасдан, эрта-ю кеч Худони дилга жо қилиб, ёруғ хаёллару порлоқ режалар оғушида олға интилаверишга нима етсин?! Айтмоқчи, мен қисмат масаласига берилиб, асосий мавзудан жиндай узоқлаша бошладим шекилли…
– Йўқ, йўқ, ҳаммабоп фикрларни айтаяпсиз. Давом этаверинг.
– Шундай қилиб десангиз, отамнинг ишбилармонлиги, омилкорлиги ва Аллоҳ берган бошқа хислатлари туфайли омборимиз буғдойга тўла, оғилу қўрамизда қўй-қўзилар кавшаниб ётарди. Турган гапки, бундай тўкислик ҳамма тенг ва эркин яшаши белгилаб қўйилган йўқсиллар жамияти турмушига мутлақо ёт эди.
Ўтган асрнинг 28-йиллари эди чоғи, юзлаб, минглаб “қулоқ“лар сафида Фарғонанинг Олтиариқ туманидан мана шу ёқларга қараб йўлга чиқдик. Дастлаб Шаҳринавга келиб жойлашдик. Кўп ўтмай, Регар районининг Виждон қишлоғига (ўша вақтдаги Жданов) кўчиб келдик. Ўшанда ҳозирги сўлим манзаралар, гўзал иморатлар қаёқда, дейсиз. Чор-атрофда қуёш нурида жизғанак бўлган тепаликлар, ёввойи ва йиртқич ҳайвонлар манзили, турли хасталиклар ўчоғи саналган қамишзорлар ястаниб ётарди. Теваракни бирмунча эпақага келтириб, яшаш ва ишлаш учун лоақал жўн шароит яратиш йўлида барига чидаб, эрта-ю кеч тиним билмай тер тўкиш талаб этиларди…
– Осмон узоқ, ер қаттиқ эди, денг!
– Маъзур тутасиз, бу фикрингизга ҳам қўшилолмайман. Бу мақолни ҳам, юқорида тўхталганимдек, ожизу нотавон кишилар ўйлаб чиқаришган бўлса, ажабмас. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўшанда муҳожирларнинг кўкни яқин, заминни юмшоқ қилишга қодир шашти бор эди. Балки давлатнинг сиёсати-ю муайян шарт-шароит одамларни шунақа матонат ва шижоат кўрсатишга ундагандир. Яна билмадим. Пастқам, пахсадевор уйларда истиқомат қилардик. Ўнгимиз тугул, тушларимизда ҳам ер билан тиллашардик. Шу тариқа катта-катта майдонлар текислана борди. Чакалакзорлару қамишзорлар аста-секин чекинди. Ерларга сув чиқарилди. Ҳазрати деҳқоннинг достонларга арзигулик жонбозлиги Худойимга хуш келди, шекилли, она заминнинг мана шу гўшаларини ростакамига жаннатга ўхшатиб қўйди. “Биҳиштмонанд ўлкам…” деб фахрланишимиз ана шундан.
Отам бодринг, помидор ва бошқа сабзавот экинлари етиштириш ҳадисини олган миришкор эди. Иссиқхонада экин ўстириш ўша даврда одат тусига кирганди. Кечагидек ёдимда. Масалан, етиштирилаётган бодринг ниҳоллари устига кечки пайт клёнка ёпилиб, қуёш чиқиши биланоқ, очиб қўйиларди. Деҳқончиликнинг бунақа “йўл-йўриғи”ни ҳали билмаган одамлар шу ишлар бажарилаётган маҳалда атрофдаги тепаликларга чиқиб, ўтирволиб “тажриба орттиришарди”. Ҳовлимиз олдида устун кўтариб, узум ҳам етиштирардик. Унинг маълум қисми мақбул шароитда сақланиб, қишда сотиларди. Қандай қилиб дейсизми? Масалан, узум бошлари симларга махсус равишда ўзаги қуриб қолмайдиган қилиб осилар, кечаси узумхонанинг эшик-дарвозалари очиқ турар, эрталаб эса беркитиб қўйиларди. Бу ҳолда маҳсулот сифати бинойидек сақланарди. Ўтган асрнинг 70-йилларигача бу теварак-атрофда узум кам экиларди. Кейин аста-секин кўпая борди.
– Ақлини таниган давридан бошлаб соғлом ва яратувчилик муҳитида жавлон уриб, улкан ҳаёт ва фаолият тажрибасини орттирган сиздай нуктадон инсон нега олий маълумот кетидан “қувмаганлиги” кишини бироз ажаблантиради.
– Аввало айтиб қўяй, олий маълумот эгаси ҳақида гап борганида, қандайдир диплом ёки чиройли муҳр босилган ялтироқ ҳужжат соҳибини кўз олдимизга келтирмаслигимиз керак. Ишонинг, юзлаб олтин сандиқлари ҳали очилиб, очилмаган мана шу сеҳрли замин, мана шу саховатли боғ-роғлару бепоён экинзорлар мен учун чинакам институт, чинакам академия бўлиб келган эди ва бўлиб қолади. Мустақиллик шарофати билан ерлар ўзининг ҳақиқий эгаларига, яъни замин билан тиллаша оладиган ишбилармонларга тақсимлана бошлангач, кўпчилик қатори менинг олдимда ҳам бор ҳунаримни кўрсатиб, халқимга ва Ватанимга фойда етказишнинг катта истиқболлари очилди. Аввалига узумчилик билан шуғулланиш учун 5 гектар ер олган эдик. Ишимизнинг натижасига қараб, деҳқон-фермер хўжалигимиз йилдан-йилга кенгайишга ўтди. Ҳаммасини ўзингиз кўриб турибсиз. Бошқасини гапириб ўтирмайман.
– Эндиликда сизнинг ташаббусингиз билан тўнғич фарзандингиз ҳожи Муҳаммадамин бошқараётган “Боғи Сомон” деҳқон-фермер хўжалиги ҳудудида аҳолининг асосий қисми тўқ-фаровон ҳаёт кечирмоқда. Лекин кенгроқ миқёсда сўз юритсак, “бой” ва “камбағал” тушунчаси ҳамон яшовчандир. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
– Оддий мисол келтираман. 1991 йили отам ва Тойиб тоғам билан биргаликда қариндош-уруғларни йўқлаб, Фарғонага бордик. Йўл-йўлакай, ўша, бир пайтлар ўзимиз ташлаб чиқиб кетган уйимизга ҳам бош суқиб ўтдик. Отамнинг хонадони қулоқ қилингач, бу уйга бошқа одамлар кўчиб келган, ҳовли-жой эса қадимги аҳволда эди. Бирор-бир ўзгариш йўқ. Биз уларга соғлик, омонлик тилаб, қўзғалдик.
– Ҳожи бобо, ижозат беринг, ёзувчилигимга бориб, дилимдан тилимга кўчган яна бир образли иборани айтишга журъат этай. Яъниким, борлиқ яралганидан буён, сайёрамизнинг ўз ўқи ва офтоб атрофида мунтазам айланиши ўлароқ, ҳар куни қуёш тоғлар ортига “юмалаб кетаверади”. Аслида эса, қуёш ботмайди. У ўз тизимидаги юлдузларга, жумладан, Ерга илиқлик, барҳаётлик бағишлаб, атрофидаги сайёраларга нисбатан бир жойда мудом нур таратиб туради. Шу маънода камина жойи келса, ўзидан ҳам кечиб, ўзгалар учун ёниб-жўшиб яшаётган инсонларни ҳеч бир муболағасиз ана шу қуёшга қиёслагим келади. Буни қуруқ ҳамду сано деб ўйласангиз, гапимни қайтариб олганим бўлсин.
– Бу ўхшатишингиз кўз ўнгимда улуғ юртбошимизнинг қиёфасини жонлантирди. Тожикистон Республикаси Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон, чиндан ҳам мамлакатимизни буюк эврилишлар ўзанига чиқара билди. Давлатимиз раҳбари билан ҳар гал юзлашганимда, қучоқлашиб кўришганимда руҳимда битмас-туганмас юксалишни, кундалик ҳаётга, шоён меҳнатга янгича иштиёқни ҳис қиламан. Президентимизнинг ўзаро муомаладаги оддийлиги, самимийлиги, барчага нисбатан дўстона хайрихоҳлиги мени доимо ҳайратга солиб туради.
Баъзан ёқимли ўйларга толиб қоламан. Жамолини оламга кўз-кўз қилса арзийдиган Ватаним бор. Ялангтўш ва закий халқим бор. Юзимни ерга қаратмайдиган, орияти бутун, маърифатли ўн фарзандим бор. Ниманики орзу қилсам, Аллоҳ қўш қўллаб бериб турибди. Бир оддий инсонга бундан ортиқ яна нима керак. Ўзига шукр, минг карра шукр!
– Мана шу ойдин ҳислар сизни тоабад тарк этмасин. Ҳамиша сарбаланд бўлиб юринг.
– Йўқлов учун сизга ҳам ташаккур. Қаламингиз доимо ўткир бўлсин.
Абдужалил Ғафуров,
Тожикистон Республикаси,
Турсунзода шаҳридан






