АсосийJamiyat

Депутатлар ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди

'Депутатлар ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди'ning rasmi

26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар ҳуқуқи: амалиёт ва тажриба” мавзусида депутатлар ва ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур учрашув Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги муносабати билан Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирга Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг жами юздан ортиқ талабалари жалб этилди.

Учрашув давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир неча депутатлари мавзу доирасида ўз маърузалари билан иштирок этишди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов, Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати Козимжон Тожиевнинг чиқишлари талабаларнинг қизиқишига сабаб бўлди.

- Мазкур очиқ мулоқот ёшларимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда катта аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бош мутахассиси Шарофиддин Хонимов. – Бу каби тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиши яхши самара беради, деб ҳисоблайман. Негаки, ёшлар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалардаги ва ёшлар сиёсати борасидаги саволларига қонун чиқарувчиларнинг ўзидан жавоб олиш имкониятига эга бўлишади.

Очиқ мулоқот давомида ёшларга Қонунчилик палатаси иш фаолияти тўғрисида ахборот берилди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тарихи ва унинг аҳамияти, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро тажриба, ёшлар билан ишлашда Ёшлар иттифоқининг ўрни ва роли, бу борадаги муаммолар ва ечимлар муҳокама этилди.

Тадбир сўнгида талабаларга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ўзбекча, русча ва қорақалпоқча чоп этилган китобчалари совға қилинди.


    Бошқа янгиликлар