АсосийJamiyat

Хитой ёзувчиси Мо Яннинг “Мусаллас мамлакати” романи нашрдан чиқди

'Хитой ёзувчиси Мо Яннинг “Мусаллас мамлакати” романи нашрдан чиқди'ning rasmi

Шу кунларда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи китоб ихлосмандлари учун ажойиб туҳфа тайёрлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз таржимон Амир Файзулла томонидан ўзбекчалаштирилган атоқли хитой ёзувчиси Мо Яннинг “Мусаллас мамлакати” романи нашр этилди.

Аксар ўқувчилар айнан хитойча асарларни узундан-узоқ, мураккаб матнлардан иборат, дея мутолаага киришишга қунт тополмасликлари бор гап. Аммо-лекин “Ўзбекистон” НМИУ томонидан шу кунларда “қайноққина тандирган узилган” “Мусаллас мамлакати” асари сизнинг адабиёт ҳақидаги фикрларингизни ўзгартирибгина қолмай, бадиий тафаккурингизни яна бир поғона кўтариши турган гап.

Романдаги воқеа-ҳодисалар 1989 йили бўлиб ўтади. Номдор хитой ёзувчиси Мо Ян мусаллас ҳақида роман битади ва воқеалар прокуратура терговчиси Дин Гоуэр тергов-суриштирув ишларини ўтказиш учун Цзюго деб аталмиш ерга йўл олишидан бошланади. Айтишларича, ўша ердаги партия ва бошқа олий мартабали зотлар гўдак гўштини еб маза қилишар эмиш. Жиноятчиларнинг ғайриинсоний қилмишларини фош этишга бел боғлаган бош қаҳрамонни ўта устамонлик ила ичириб қўйишиб, қарийб ҳушсиз ҳолатга келтиришади. Устига устак, Гоуэрни йўлдан оғдирмоқ ниятида унга маккора ҳайдовчи аёлни дучор қилишади.

Бу воқеалар билан бир қаторда “Мусаллас мамлакати”га Мо Ян ва унинг “шогирд”и – мусалласшунослик фанлари номзоди Ли Идоунинг ёзишмалари сингдирилган. Бу Ли Идоунинг биргина мақсади – донгдор ёзувчи бўлиш. Ли Идоу устозига 8 та асар билан бирга олий навли мусаллас ҳам жўнатади. Алалоқибат, мусаллас ҳақида роман ёзмоқчи бўлган бош ёзувчи нафақат ўзининг бош қарамони Дин Гоуэрнинг терговини охирига етказади, балки ўзи ҳам ёвузлик қаърига тушиб қолади.

Буларнинг барчасига чеховона “Мутафаккир қўшнимга мактуб” руҳидаги нозик истеҳзо, баданини танга қоплаган ўсмир, ошиқ пакана ва “бўрдоқи” болаларни қўшадиган бўлсак, “Мусаллас мамлакати”нинг такрорланмас, ўзига хос услубини кўриш мумкин бўлади. Мо Яннинг тили шу қадар бой, образ ва метафораларга бойки, ҳатто асарда акс эттирилмиш тубанликлар билан ҳам ёзувчи услуби ва хаёлотига тан бермай илож йўқ.

Гарчи 2012 йили Мо Ян айнан мана “Мусаллас мамлакати” романи учун адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорига айланган бўлса-да, асар сюжетининг кўп қатламлилиги, хаёлийми ёки чинданми, гўдаклардан таом тайёрлаш ва тановул қилиш саҳналаридан недир ички бир ўртаниш ила ўқувчини ўйга чўмдириши аниқ. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги ўн йилликда ҳали бундай услубда биронта ҳам асар яратилмади, қолаверса, асар енгил ўқилса-да, китобхонни чуқурроқ ва холисанилло фикрлашга мажбурлайди (ҳа, мажбурлайди, ундайди эмас), теваракка, одамларга бугунги шиддатли нигоҳ билан эмас, теранроқ разм солишга, инсон қалби деб аталмиш маконга сайр этишга чорлайди.

Нобель қўмитаси томонидан таъкидланганидек, Мо Яннинг асарларида “алаҳсираш аро реаллик халқ эртаклари, тарих ва замонавийлик бирлашиб кетган”. Буларнинг барчасини, сиз, азиз китобхонлар, “Мусаллас мамлакати”да учратасиз. Шундай экан, чинакам адабиёт ихлосмандларини Мо Яннинг кўнгилни ийдириш билан бир қаторда “шафқатсиз”, инсон онги шуурига яширинган сирларни фош қилувчи, ўзни ва ўзгани англашга кўмак берувчи оламига чорлаб қоламиз. Зеро, биздан талаб қилинадигани ҳам ўқиш ва уқишдир.

Саиджалол Саидмуродов

    Бошқа янгиликлар