Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Норин тумани ҳокимининг яқинда Президент ташрифидан сўнг кўчиб ўтган контейнер уйи дарвозасига хат ёпиштириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Ҳурматли ҳоким Жўрабек Нурматов, сизнинг қарорингиз туфайли биз оилавий уйсиз қолган эдик. Онам сарсон-саргардонликда вафот этди. Мен турмуш қурганман, укам эса ҳануз уйсиз, уйланолмай, ватан қилолмай юрибди. Ишонамизки, сиз қачондир ўз уйингизга қайтасиз, биз эса 13 йилдан бери қайтолмаяпмиз. Ҳурмат билан Қўлдошева Салима”, — дейилади хатда.
Бугун, 24 сентябрь куни мазкур мактуб бўйича Норин тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Унга кўра, фуқаронинг хати юзасидан ҳокимлик ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борган. Мурожаатчи фуқаро билан кўришиб, хат ёзиш сабаби сўралган.
Аниқланишича, фуқаро Салима Қўлдошева мавжуд муаммолари юзасидан туман ҳокими ёки туман ҳокимлигига аввал мурожаат қилмаган. Унинг юқорида қайд этилган мурожаати эса атрофлича ўрганилган. Ҳозирда туман ҳокими томонидан С.Қ.га амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, “Аёллар дафтари”га рўйхатга киритилган.
“Укаси А.Қўлдошев айни вақтда хорижда бўлгани учун маҳалла ёшлар етакчиси иштирокида видеоалоқа орқали гаплашгани, 10 кун ичида миграциядан қайтариш ҳамда ўзига мос ишга жойлаш чоралари кўрилаётганини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.