Бир неча йилдан бери Фарғонада футбол бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобақасининг ўтказилиши анъана тусини олган.
Мазкур турнир қиш фаслида ташкил этилиб, унда нафақат Фарғона вилояти ва водий футбол клублари, балки юртимиз вилоятлари ҳамда қўшни Республикалардан ҳам жамоалар иштирок этишади. Аммо бу галги турнирда фақатгина Фарғона водийси жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
2019 йилги вилоят ҳокими кубогида 18 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда бош соврин учун курашга киришган эди. Якунда финалга энг кучли икки жамоа – Қўқоннинг “Қўқон-1912” ҳамда Фарғонанинг “Нефтчи” клублари етиб келишди.
Мазкур жамоалар ўртасидаги ўйинлар ҳамиша шиддатли ва кескин курашлар остида ўтиб келган. “Вилоят ҳокими кубоги-2019” финали ҳам бундан мустасно эмас. Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан томонлар ҳужумга зўр беришди. Аммо тажриба ва маҳорат бобида рақибидан ҳийла кучлироқ бўлган қўқонликлар 48-дақиқада ғалаба тўпини киритишди. Ушбу вазиятда “Нефтчи” ўйинчиси қўпол хатога йўл қўйди ва бундан Темур Усмонов фойдаланиб қолди – 1:0. Қолган дақиқаларда томонлар ҳарчанд уринишмасин дарвозаларга бошқа тўп киритилмади ва шу тариқа “Қўқон-1912” жамоаси яна “Вилоят ҳокими кубоги-2019” ғолибига айланди. Эслатиб ўтамиз, қўқонликлар 2017 йилда ҳам ушбу совринни қўлга киритишганди.
“Вилоят ҳокими кубоги-2019”. Финал
“Қўқон-1912” – “Нефтчи” – 1:0 (0:0)
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Александр Буров, Бахтиёр Шавкатов, Олим Тўйчибоев.
Гол: Темур Усмонов (48, 1:0).