1

“Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди

МАДАНИЯТ 28.09.2019, 11:10
“Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди

2019 йилнинг 27 сентябрь куни соат 18:00да “Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильмининг кенг жамоатчилик учун тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда "Ўзбеккино" миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Премьерадан аввал оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Журналистлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу фильмга меҳнати сингган таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосов номи ёдга олинди, хотирланди, фильм ижодкорлари съёмка жараёнлари билан боғлиқ воқеаларни ёдга олишди. Шуҳрат Аббосов ишлаган фильмлар ҳақида гапирилди. “Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильмининг тақдимотида кинокартина ижодий гуруҳи томошабинларга таништирилди. Шундан сўнг “Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильми томошабинларга тақдим этилди.

Ўзбекнинг машҳур фильми – “Маҳаллада дув-дув гап”ни 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган одам борки, барча бирдай севиб томоша қилади. Янги фильмни ҳам ўша қадрдон фильм режиссёри Шуҳрат Аббосов саҳналаштирган. Улуғ кино арбобининг сўнгги фильмини саҳналаштириш ташаббуси билан “Dono productions” киностудияси чиқди. Бу ташаббусни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қўллаб-қувватлади. Сценарий муаллифи - Шоира Ғиёсова.

Умрининг сўнгги икки йилини мазкур фильмни яратишга бағишлаган марҳум кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов чин ижодкор 85 ёшида ҳам нималарга қодир бўлишини исботлай олди. Матубуот анжуманида фильмнинг яратилиш тарихи ва ундан кўзланган мақсад ҳақида батафсил маълумот берилди. Фильм премъерасида кенг жамоатчилик вакиллари ва фильм ижодкорлари иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори киносаноати ривожига берилаётган алоҳида эътибор ҳақида алоҳида гапириб ўтишди. Ўзбек киносининг дурдоналаридан бири – “Маҳаллада дув-дув гап” комедиясининг бугунги талқини - “Яна маҳаллада дув-дув гап” фильмида марҳум Шуҳрат Аббосов замон нафасини тўлиқ акс эттиришга, ўзбекона беғубор характерларни кенг очиб беришга ҳаракат қилган.

Бош қаҳрамон Лочинбек муваффақиятли тадбиркор. У икки укаси ва ёлғиз онаси – маҳалланинг жонкуяр раиси Хосиятнинг бахтли умр кечиришлари учун тинмай меҳнат қилади. Бироқ, бу оиланинг ютуқларидан ҳамма ҳам бирдай қувонмайди. Фильмда кутилмаган воқеалар, туҳмат балоси ва яна кўплаб қизиқарли сюжетлар борки, уни бир нафасда кўриб тугатасиз.

Режиссёр Шуҳрат Аббосов ўзининг сўнгги фильмида одамлар тилининг учида турган муаммолар, ҳаётдаги турфа феъл инсонлар муносабатини зўр маҳорат билан тасвирлайди. “Яна маҳаллада дув-дув гап” кинофильмига таниқли актёрлар ансамбли йиғилган. Янги иқтидорлар ҳам кашф этилган. Албатта, юксак истеъдод эгаси бўлган режиссёр фильмида ҳар қандай актёрдан астойдил ишлаш талаб этилади. “Dono productions” студияси томонидан режиссёрлар Шуҳрат Аббосов ва Нозим Аббосов томонидан суратга олинган “Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильми “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг 2018 йил 7 июльдаги 07/19-20-сон мажлис баёнига асосан ишлаб чиқаришга туширилган. Ушбу фильм ўзбек киносининг дарғаси, кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг ижодидаги сўнгги фильмидир.

“Маҳаллада дув-дув гап 2” картинаси ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг мантиқий давоми бўлиб, маҳалла оқсоқоли аёл киши бўлишига қарамай, ўз оиласи ташвишлари баробарида маҳалланинг катта муаммоларини ҳал этиши енгил юмор орқали акс эттирилган. “Маҳаллада дув-дув гап - 2” кинофильмининг асосий воқеалари Фарғона вилояти (Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон, Ўзбекистон туманлари) ва Тошкент шаҳрида тасвирга олинди. Бош қаҳрамон, маҳалла фуқаролар йиғини раиси – Хосият опа ва унинг уч нафар ўғли атрофида рўй берадиган воқеалар орқали, умуман республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, маҳаллий аҳоли онгида рўй берган маънавий ўзгаришлар, эртанги кунга бўлган ишончнинг ортиши жараёни юксак бадиий маҳорат билан тасвирланади.

Фильмда бош қаҳрамон ролини Дилбар Икромова, унинг уч ўғлини – ёш актёрлар Эркин Бозоров, Суръат Исломов, Аббос Ибрагимовлар гавдалантирган. Актёрлар жамоаси таркибида Гулчеҳра Жамилова, Муқаддас Ҳолиқова, Муяссар Бердиқулова, Мадина Мухторова, Валижон Шамсиев, Дилшодбек Каттабеков, Моҳира Нурматова, Шодия Тўхтаева, Ширин Исмоилова, Лазиза Нозимхонова, Зебинисо Ҳолиқова, Кумуш Ўктамова каби ўнлаб халқимиз суйган ижодкорлар бор.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1