1

Россияда Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади

МАДАНИЯТ 30.09.2019, 18:17
Россияда Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 1-5 октябрь кунлари Москва ва Қозон шаҳарларида Россияда Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади.

Тадбирлар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Россия Федерацияси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги Элчихонаси томонидан ўтказилмоқда.

Кино кунларини ўтказишдан асосий мақсад Россияда ўзбек кинематографиясини оммалаштириш, мамлакатлар, тарихан яқин халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни яхшилаш ва мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат.

1 октябрь куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Россияда Ўзбек киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтади, унга Россия маданият вазирлиги раҳбарлари, таниқли кино ижодкорлари таклиф этилди.

«Кино кунлари доирасида биз “Ўзбеккино” ва Россиянинг йирик кинокомпаниялари ўртасида қўшма кино лойиҳаларини ташкил этиш бўйича қатор меморандумлар имзолашни режалаштирмоқдамиз, турли йилларда яратилган ва айни пайтда Россиянинг “Госфильмофонд”ида сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш бўйича музокаралар олиб борамиз, – дейди Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

«Мамлакатимиз учун бўлғуси кинокадрларни шакллантиришнинг муҳимлигини англаган ҳолда Ўзбекистон делегацияси таркибига бир гуруҳ иқтидорли ёшлар ҳам киритилди. Улар учун Россия давлат кинематография институти, “Мосфильм”га ташрифлардан ташқари Россия кино санъатининг кўзга кўринган усталари иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар ўтказамиз», – деди “Ўзбеккино” раҳбари.

Россияда Ўзбек киноси кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг 2018 йил октябрь ойида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича иқтисодиётимизнинг кўплаб соҳаларида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастурининг қабул қилинган чора-тадбирлари доирасида ўтказилмоқда.

Шундай экан, мазкур ҳафталик Россияда яшовчи ўзбек киноси мухлислари ва ўзбек диаспораси вакилларига катта экранда янги ўзбек киноларини томоша қилиш, уларнинг ижодкорлари билан суҳбатлашиш, ўзбек киноси йўналишлари билан танишиш имконини беради. Дастур сўнгги йиллардаги энг яхши профессионал бадиий ва ҳужжатли фильмларни ўз ичига олади.

Ўзбек киноси кунлари доирасида намойиш этиладиган картиналардан режиссёр Умид Ҳамдамовнинг “Иссиқ нон” киноси Анапа шаҳрида бўлиб ўтган «Киношок» фестивалининг бош совринини қўлга киритган. 21 сентябрь куни Ўзбекистон миллий кино қўмитаси мазкур фильмни Оскар мукофотига номзод сифатида расман эълон қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1