1

Россия Госфильмофонд архивида сақланаётган ўзбек кинотасмаларини қайтарадими?

МАДАНИЯТ 04.10.2019, 18:00
Россия Госфильмофонд архивида сақланаётган ўзбек кинотасмаларини қайтарадими?

РФ маданият вазирлигида Россия маданият вазирининг ўринбосари Павел Степановнинг “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда ўзбек ва рус кинематографияси арбоблари иштирок этди.

Мулоқот чоғида “Ўзбеккино” миллий агентлиги раҳбари Россиянинг Госфильмофондида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид киноматериаллар ҳақида сўз очди.

“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон киносаноатини фақат бадиий фильмлар эмас, ҳужжатли фильмлар ҳам яратиш билан равнақ топтириш зарур деб ҳисоблайди. Афсуски, Ўзбекистонда тарихий лавҳалар акс этган фильмлар архиви у қадар катта эмас. Кўпгина материаллар Россияда сақланади ва биз учун Ўзбекистонга ўз кинематография меросини қайтариш жуда муҳим”, – деди “Ўзбеккино” раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Павел Степанов эса Россия маданият вазирлиги бу материалларни Ўзбекистонга бериш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Аммо уларнинг кўпчилиги қайта тиклашга муҳтож дея таъкидлади.

Архив материалларини қайта тиклаш учун ҳозирда “Госфильмофонд” фаолият олиб бормоқда, барча таъмирталаб материалларга ишлов бериш учун беш йиллик дастур ишлаб чиилмоқда. Бу ишлар фақатгина таъмирлашни эмас архив материалларини рақамлашни ҳам кўзда тутади.

“Бу фаолиятда уларнинг сифатини йўқотмасдан иложи борича дастлабки тасвирларни сақлаган ҳолда олиб борилади”, деди Россия маданият вазири ўринбосари.

Учрашувда шунингдек Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида киномаҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар ҳамкорликда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги ҳақида ҳужжатли фильм яратишга келишиб олишди.

"Биз ушбу муҳим санага бағишланган ҳамкорликдаги лойиҳани таклиф этамиз. Ўзбекистонлик ёшлар ҳам, россиялик ёшлар ҳам халқларимиз буюк ғалабага ҳисса қўшиш учун нималарга тайёр бўлганини ва ғалаба қандай қурбонлар эвазига қўлга киритилгани ҳақида бор ҳақиқатни билишлари керак.

Мен ўйлайманки, биз жуда катта ва хайрли ишга қўл уряпмиз” – деди Фирдавс Абдухолиқов.

Маданият вазирининг ўринбосари бу таклифни қўллаб-қувватлар экан, масала ташкилотнинг ваколатли органи бўлган департамент томонидан кўриб чиқилажагини билдирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1