“Обод қишлоқ“ дастури доирасида 400 дан ортиқ қишлоқ обод бўлади

ИҚТИСОДИЁТ 08.10.2019, 23:07
Теглар: обод қишлоқ, дастур
“Обод қишлоқ“ дастури доирасида 400 дан ортиқ қишлоқ обод бўлади

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида бўлиб ўтган анжуманда айтилишича 2018 йилнинг апрель ойидан “Обод қишлоқ“ дастури доирасида 159 тумандаги 400 дан ортиқ қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, бу қишлоқларда янгича услубда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда

Бу жараёнда ҳар бир қишлоқни обод қилиш учун ўртача 750 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади. Мамлакат бўйича ушбу ишни амалга ошириш учун эса тахминан 17 йил муддат ҳамда 6 миллиард АҚШ доллари талаб этилади.

“Обод қишлоқ“ давлат дастурининг ижроси бўйича Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистоннинг обод қишлоқлари“ лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тақдим этишда махсус гуруҳ фаоллик кўрсатмоқда. Лойиҳа Фарғона, Наманган, Андижон, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг 21 туманидаги 400 дан ортиқ қишлоқда татбиқ этилади. Талаб мезонларига кўра, унда танланган қишлоқлар иқтисодий жиҳатдан ортда қолган, “Обод қишлоқ“, “Обод маҳалла“ ва “Обод марказ“ каби дастурларга киритилмагани, қишлоқнинг марказдан узоқ масофада жойлашгани ва тоза ичимлик суви билан таъминланмагани инобатга олинди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 183,6 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, у Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки молиявий кўмагида амалга оширилади. Эътиборли жиҳати, ташкил этилганига икки йил бўлган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки мамлакатимизга илк бор сармоя киритмоқда. 2020-2024 йилларга мўлжалланган лойиҳада нафақат танланган қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш, балки унинг ижроси доирасида гендер тенглиги масаласи, меҳнат ҳуқуқи, яъни ҳокимиятлар ва МФЙ аъзоларига меҳнат амалиётлари бўйича мунтазам тренинглар ўтказиш, аниқланган ҳар қандай ҳолатлар бўйича мониторинг ва ҳисобот юритиш ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш, шу билан бирга, қайта алоқа тизимини жорий этиш жиҳатларини эътиборга олиш кўзда тутилган.

Вазирликнинг мазкур “Обод қишлоқ“ дастури ижроси бўйича берган маълумотига кўра, 2018 йилда жами 417 қишлоқда бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. 2019 йилда 478 қишлоқда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1