Франция Тиббиёт академиясида “PRIX INTERNATIONAL AVICENNE 2019” Ибн Сино номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими ўтказилди. Тадбир Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Шуниси қувонарлики, бу йил мазкур мукофот совриндорлари орасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Aбдухолиқов ҳам бор. Жорий йилда бу мукофотга Монтпеле университети Тиббиёт факултети декани Мишел Монден ва жазоирлик олим, Ибн Сино меросини узоқ йиллардан бери тадқиқ этиб келаётган исломшунос, тарих фанлари доктори Ғолиб Бенсхейх сазовор бўлишди.
Ҳакамлар ҳайъати таркибига Франция Миллий Тиббиёт Aкадемияси, «MED21» дастури, “Ибн Сино –Франция” уюшмалари, шунингдек, Франциянинг илмий жамоатчилиги вакиллари киритилган.
- Биз “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси Ўзбекистон жамоатчилиги ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар томнлама қўллаб-қувватланаётганидан жуда миннатдормиз, - деди “Ибн Сино -Франция уюшмаси президенти Марк Боннел – Ўзбекистон маданияти ва мероси жаҳон цивилизациясининг таркибий қисми саналади. Ҳар биримиз унинг ривожланиши ва оммалашувига мунтазам ҳисса қўшишимиз керак. Ушбу тарихий мерос ҳақидаги билимлар ва тушунчалар Европага ва бутун дунёга тарқалиши керак."
- Янги Ўзбекистонда яратилган шароитлар туфайли бизда илм-фан ва таълимни, маданий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган йирик халқаро гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзага келди, - деди тақдирлаш маросимида "Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳасининг муаллифи Фирдавс Aбдухаликов.
Эслатиб ўтамиз, ушбу халқаро мукофот Бухорода туғилиб вояга етган буюк олим ва мутафаккир Aбу Aли ибн Сино шарафига Францияда таъсис этилган. Ушбу мукофот тиббиёт, фан ва таълим соҳасида катта ютуқларга эришган инсонларга берилади.