Интернет тармоғида ёшлар ўртасида келишмовчилик акс этган видео тарқалди. Видеонинг биринчи кадрларида кўз атрофида гематомаси бўлган ёш йигитнинг сурати кўрсатилди.
Ушбу ҳодиса 24 сентябрь куни тахминан соат 16.00 да Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасидаги автотураргоҳда содир бўлган. Ҳодиса иштирокчиларининг кўрсатмаларига қараганда, ҳодисадан бир кун аввал Жиззах вилоятида яшовчи хусусий ташув билан шуғулланувчи 23 ёшли Анвар Н. ва 21 ёшли Шахбоз У.лар орасида йўловчи талашганликлари сабабли келишмовчилик юзага келгач, бири иккинчисини урган. Кейинги кун, 24 сентябрь куни Шахбоз У. автотураргоҳга танишлари – 39 ёшли Ўктам К. ва 20 ёшли Аббас У.лар билан келган. Анвар Н. Ўктам К. билан гаплашиб турганидан фойдаланиб, Шахбоз У. унинг орқасидан келиб Анварни ура бошлагач, унга Аббос У. ҳам қўшилди, Ўктам К. эса уларни ажратган. Жанжалдан сўнг Анвар Н. тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, аммо шифокорларга эҳтиётсизлиги сабабли йиқилганини айтиб, сўнг уйига кетган.
28 сентябрь куни Анвар Ннинг отаси – 49 ёшли Бахтиёр Ш. интернет тармоғида видеони кўриб Жиззах вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилгач, ариза ҳодиса содир бўлган ҳудуддаги ички ишлар огани – Чилонзор тумани ИИО ФМБга йўналтирилди.
Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (“Безорилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Суд-тиббий экспертизаси тайинланди.