Ўзбекистонда янги боғ ва токзорларни барпо этишга 1 триллион сўм йўналтирилади

ИҚТИСОДИЁТ 05.11.2019, 20:35
Ўзбекистонда янги боғ ва токзорларни барпо этишга 1 триллион сўм йўналтирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Молия вазирлигига янги тизим асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантириш бўйича молиялаштириш юзасидан таклиф киритиш топширилди.

Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида янги ташкил қилинаётган кооперациялар негизида 1 гектардан 5 гектаргача ижара асосида ер ажратиб берилади. Янги боғ ва токзорларни барпо этишга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 1 триллион сўм йўналтирилади.

Кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида Фарғона водийсининг 22 та туманида 31 та намунавий кооперация ташкил қилинади. Ҳар бир кооперацияга камида 50 нафардан ишсиз фуқаро аъзоликка қабул қилиниб, уларга фойдаланилмаётган ерлар, субсидиялар ҳамда имтиёзли кредитлар ажратилади.

Халқаро ҳамда маҳаллий молия ташкилотларидан маблағлар жалб этиш орқали гилос, ўрик, анор, шафтоли, олхўри, ёнғоқ каби меваларга ихтисослашган янги замонавий боғ ташкил қилиш ҳисобига ҳосилдорликни кескин ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, экспортбоп узумзорларни ташкил этиш юзасидан “манзилли дастур” тасдиқлаш вазифаси юклатилди. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1