Хабарингиз бор, 6 ноябрь куни Самарқандда қурилишда ишлайдиган ўнлаб ишчилар ўртасида оммавий жанжал бўлган ва муштлашув турклар ва ўзбеклар ўртасида келиб чиққанди.
Шундан сўнг, Туркияда меҳнат муҳожири бўлган педагог Феруза Иззат Фейсбук саҳифасида Самарқандда юз берган жанжалда жабрланган турк қурувчисининг сўзларини эълон қилганди.
Айни пайтда ушбу қурилиш ишларида қатнашган 73 нафар турк фуқароларининг барчаси мамлакатига қайтарилиб юборилгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ИИВ маълумотига кўра, Самарқанд шаҳар, Қора сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида “Агромир Билдинг” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қавватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган, Туркия давлати фуқаролари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасидаги келишмовчилик оқибатида, ўзаро тан жароҳатлари етказилган.
Суриштирув жараёнида, мазкур жанжал 1996 йилда туғилган Пайариқ тумани “Тохиршайх” маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи ўзбек фуқароси С.П. “Агромир Билдинг” МЧЖ томонидан ёлланган қурувчи-монтажчи бир нечта турк фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги, шундан сўнг у авжига чиқиб, юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашиб бир бирларига тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, Самарқанддаги қурилиш ишларига 1.800 дан зиёд Ўзбекистон Республикаси ҳамда 200 дан ортиқ Туркия давлати фуқаролари жалб этилган.
Ушбу ҳолат натижасида Туркия давлати фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олган.
Шунингдек, 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади.