2019 йил 01 декабрь куни интернетнинг “YouТube.com” сайтида “Презиентга мурожаат: Ғиждувонда адолат тарозиси бузилмоқда” сарлавҳаси остида видео эълон қилинди. Мазкур ҳолат Бухоро вилояти ИИБ томонидан тезкор ўрганилиб, маълумот тақдим этилди.
Унга кўра, 2019 йил 13 сентябрь куни Ғиждувон туман Буктарой МФЙ Харошхона қишлоғида яшовчи фуқаро Ё.А.Акрамов Ғиждувон тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, таниши Т.Р.Турсунов ундан Ғиждувон тумани Шарқ МФЙда жойлашган 3 (уч) сотихдан иборат ер майдони эвазига 15.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, шу кунга қадар мазкур ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бермасдан ва пулларини ҳам қайтармасдан алдаб келаётганлигини билдирган.
Ариза тегишли тартибда қайддан ўтказилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган ва натижасига кўра 2019 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 1-бандига кўра жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу ҳақида шу куни фуқаро Ё.Акрамовга билдириш хати юборилган.
Тўпланган ҳужжатлар Ғиждувон туман прокуратураси томонидан назорат тариқасида ўрганилиб, 2019 йил 12 ноябрь “Жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарор” бекор қилинган ва қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш учун Ғиждувон туман ИИО ФМБга юборилган.
2019 йил 13 ноябрь куни фуқаро Ё.Акрамовнинг аризасида кўрсатилган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва шу куни бу тўғрисида фуқаро Ё.Акрамовга билдириш хати юборилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича тайинланган хизмат текшируви якуни билан қўшимча маълумот берилади.