АсосийJamiyat

Грипп бўлган болалар кўп, шифохоналар тирбанд...

'Грипп бўлган болалар кўп, шифохоналар тирбанд...'ning rasmi

Айни пайтда қиш мавсуми, об-ҳаво салқин бўлганидан аҳоли ўртасида грипп ва бошқа ўткир респиратор касалликлар нисбатан кўп кузатиляпти. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида шифохоналарда ҳам қўшимча ўринлар ташкил этилмоқда. 

Бу ҳақда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан ташкил этилган анжуманда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича ҳозирги вақтда грипп ва ўткир юқумли респиратор касалликларнинг олдини олиш ва даволаш борасида вазирлик ҳамда агентлик томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Хусусан Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, бешта болалар клиник шифохонаси ва 4-сон шаҳар клиник шифохонасидаги болалар бўлими аҳолига хизмат кўрсатяпти. 

Айни пайтда қиш мавсуми бўлгани учун болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар бирмунча кўпайгани қайд этилмоқда. Натижада шаҳар шифохоналаридаги мавжуд 1267 та ўрин камлик қиляпти. 

Ҳозирда пойтахтимиздаги 3-сон болалар шифохонасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис вазиятни ҳисобга олган ҳолда бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам қўшимча 150 та ўрин ташкил этилган. 

Тадбирда соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари аҳолини қиш мавсумида авж оладиган ўткир респиратор ва вирусли касалликлардан огоҳ қилиш, уларнинг олдини олиш борасида аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича янада фаол бўлишни сўрашди. Касаллик юқмаслиги учун дока ниқоб тақиб юриш, уни ҳар ярим соатда алмаштириб ёки ювиб-дазмоллаб туриш, иммунитет кучли бўлишида тўлақонли овқатаниш лозимлигини тайинлашди. 

Манзура БЕКЖОНОВА

Бошқа янгиликлар