1

Андижоннинг энг чекка ҳудудидаги юздан ортиқ ёшлар бир кунда доимий ишга эга бўлди

ЖАМИЯТ 29.01.2020, 19:20
Андижоннинг энг чекка ҳудудидаги юздан ортиқ  ёшлар бир кунда доимий ишга эга бўлди

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 27 декабрь куни ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор тарзида ўтказилган учрашувда ёшлар билан ишлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ҳар бир сектор раҳбари томонидан камида 200 нафар ёшларни йиғиб учрашувлар ўтказиш, қабулларни аҳоли зич яшайдиган жойларда ташкил этиш, ёшлар етакчиларини ўз қанотига олиб, тажрибасини ошириш, халқ билан мулоқотга ўргатиш вазифаси ҳам кун тартибига қўйилди.

Вилоятимизда келажагимиз ворисларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳимоя қилиш ва кафолатлаш борасида аниқ манзилли ишлар амалга оширилмоқда. 

Очиқ мулоқотларда, юзма-юз суҳбатларда ёшларнинг иш билан бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабларини қаноатлантириш чоралари кўрилмоқда. 

Учрашувларни вилоятнинг энг олис ва чегара ҳудудларида, биринчи навбатда уюшмаган ёшлар иштирокида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 29 январь куни Андижон вилояти, Пахтаобод туманида вилоят ҳокими, вилоят прокурори ва сектор раҳбарлари иштирокида ёшлар билан учрашув ташкил қилинди.

Ўтказилган учрашувда Пахтаобод туманидаги 38.812 нафар ёшларнинг 2.868 нафари (шундан, аёллар 1.297 нафар) доимий меҳнат фаолияти билан банд эмаслиги маълум бўлди.

Мазкур уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар давомида уларнинг 79 нафари тўқимачилик саноати йўналишида, 134 нафари қурилиш ва 300 нафари қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиш истагини билдирдилар.

Энг муҳим жиҳат – тумандаги 1 минг 59 нафар ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида эканлиги маълум бўлди. Ўзига маъқул касб-ҳунарни, айтайлик, нонвой, сартарош, косиб, чилангар ва бошқа йўналишларни эгалламоқчилигини салкам 1 минг 296  нафар ёшлар билдирдилар.

Бу рақамлар замирида эл-юрт ишига камарбасталик, хонадонлар даромадини, оила бюджетини мустаҳкамлашдек хайрли ниятлар ётганлигини сезиш қийин эмас. Демак, муаммоларни ҳал этиш ўз-ўзидан ислоҳотлар ривожига ижобий таъсир кўрсатиши амалда исботини топмоқда. 

Шу жиҳатдан, учрашувда ҳудуддаги ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, ҳудудда улар учун яратилган шарт-шароитлар ва ёшлар ташаббусларини рўёбга чиқариш учун мавжуд имкониятлар ҳақида вилоят раҳбарлари ва соҳа вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот асосида маълумотга эга бўлдилар.

Ташкил этилган учрашув давомида унда иштирок этган ёшлар тумандаги “Контекс”, “Динар текстил” ва “Маданият текстил” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари фаолияти билан яқиндан таништирилди. Шу корхонада ишлаш истагини билдирган 56 нафар ёш жамоада меҳнат фаолиятини бошлайдиган бўлди. 

Шунингдек, тадбирда 5 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратилиши ва 47 нафар ёшларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланди.

Шу ўринда Пахтаобод туманидаги “Бўстонобод” МФЙда бўлган мулоқот чоғида ажойиб бир таклиф қўллаб-қувватланганлигини айтиш жоиз.

Мулоқот давомида Д.Мамарасулов бошчилигида 14 нафар уюшмаган ёшларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширувчи жамият ташкил қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланиб, учрашув давомида “Бўстонобод ёшлар бунёдкори” маъсулияти чекланган жамияти ташкил қилинди. 

Шунингдек, учрашув иштирокчилари ҳудуддаги аскарларнинг ва хизматчиларнинг фаолияти, ўқув-дала машғулотлари, ҳарбий техникалар билан таништирилдилар, кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Қалбида Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни эгаллашни мақсад қилган ёшлар сафи кўпайди. 

Бундан ташқари, ҳудуддаги “Бўстон” болалар оромгоҳида ёшлар иштирокида футбол, теннис, кураш ва шахмат спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Мазкур жараёнга ёшлар иттифоқи етакчилари, миллий ва олимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари таклиф қилинганлиги ёшларда ҳавас руҳини уйғотди. 

Бир сўз билан айтганда, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш устувор вазифамиз шиори остида ўтказилган учрашувда ёшлар ўзларини қийнаб келаётган кўплаб масалаларга ечим топдилар.

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай фикр илгари сурилди: “Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳеч ким четда турмаслиги, “Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!” деган шиор одамларимиз қалбидан чуқур жой олиши керак”. 

2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш бўйича улкан мақсадлар белгилаб олинди. Хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун шароит яратиш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, уларнинг муаммолари билан мунтазам равишда шуғулланиш, хусусан, қиз болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар ижросини назорат қилиб бориш – сектор раҳбари сифатида зиммамизга жуда катта масъулият юкламоқда. 

Ғайрат ФОЗИЛОВ,

Андижон вилояти прокурори, 

адлия катта маслаҳатчиси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1