1

Нукуслик ҳарбий хизматчилар қасамёд қабул қилишди

ЖАМИЯТ 01.02.2020, 11:26
Нукуслик ҳарбий хизматчилар қасамёд қабул қилишди

Шимолий-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальонининг 500 га яқин ҳарбий хизматчилари “Ватанга қасамёд” қабул қилишди. Бу ҳақда "Darakchi.uz"га Шимолий-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар қилди.  

Хизматчиларнинг ота-оналари, яқинлари ва дўстлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этган маросимда СЧР батальони командири подполковник Алимардон Рахматов сўзга чиқиб, барчани ушбу кун билан муборакбод этар экан, шундай деди: “Ватанга қасамёд ҳарбий хизматчига она юрти, унинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги учун, шу юрт тинчлиги, халқининг бунёдкорона меҳнати, нуроний отахонлар ва онахонларнинг фароғатию, болаларнинг беғубор кулгуси, нурли келажаги учун масъул эканлигини эслатиб туради”. 

Дарҳақиқат, маросимда бирин-кетин Ватан олдидаги йигитлик бурчига содиқ қолишга аҳд қилаётган йигитларнинг кўзларида мардлик ва жасурлик учқунлари намоён бўлиб, қалбларида чексиз фахр ва ифтихор туйғулари аланга олиб турди. 

Сафда турган хизматчилар орасидан тинмай кимнидир қўлида гул билан қидираётган она, ҳаяжондан энтикаётганларнинг ҳам қувончи бир олам эди. Хўжайли туманидан бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилган хизматчи Хурсанд Хайруллаевнинг онаси Халжанай Ибрагимова дилбандининг соғинчи билан бугун маросимда қатнашиб турибди. 

– “Фарзандим нафақат Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтади, балки менинг ҳам ишончимни оқлади”, – дейди қувонч ёшлари билан онахон. – “Боламни соғиниб йиғлаган тунларимда ўғлим Ватанни қўриқлашдек масъулиятли ва шарафли вазифани адо этишга кетганлиги кўнглимга таскин берарди. Армиямизда яратилган шарт-шароитларни кўриб, кўзим қувонди. Фурсатдан фойдаланиб, юрт ҳимоячиларига соғлик-омонлик тилаб қоламан.

Қиш кунларидаги ҳавонинг совуқ даражада бўлишига қарамасдан, юқори жўшқинликда ўтган тадбир сўнгида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларнинг қалбини илиқлик билан тўлдирди, дилларга хуш кайфият улашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1