АсосийJamiyat

Венада Наманган аҳлини ичимлик суви билан таъминлаш учун 54 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги битим имзоланди

'Венада Наманган аҳлини ичимлик суви билан таъминлаш учун 54 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги битим имзоланди'ning rasmi

25-феврал куни Вена шаҳрида ОПEКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси (ОФИД) томонидан Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг 22 та аҳоли пунктида ва Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш учун 54 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ҳужжатни Элчи Шерзод Асадов ва ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси номидан унинг бош директори Абдулҳамид Алҳалифа имзолади.

Ушбу лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади, бунинг натижасида Наманган вилоятининг 200 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Имзолаш маросимидан сўнг ОФИД Бош директори Жамғарма ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид билдирилди.

1975-йилда ташкил этилган, қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ОПEК Жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатадиган молиявий ривожланиш бўйича ҳукуматлараро институтдир.

1999-йилдан бери ушбу тузилма Ўзбекистонда давлат секторида умумий қиймати қарийб 80 миллион долларга тенг бўлган 7 та лойиҳани амалга оширди, шундан 47,2 миллион доллари ичимлик суви ва санитария соҳасидаги лойиҳаларни имтиёзли кредитлаш учун, 12,73 миллион доллари қишлоқ хўжалигига, 5 миллион доллардан транспорт ва таълимни ривожлантиришга ажратилди.
 

    Бошқа янгиликлар