150 ўзбек автомобили Уфада сарсон бўлиб юргани ҳақиқатга зид, туҳмат қилган блогер устидан ариза киритдик – «Ўзавтосаноат»

ЖАМИЯТ 26.03.2020, 08:28
150 ўзбек автомобили Уфада сарсон бўлиб юргани ҳақиқатга зид, туҳмат қилган блогер устидан ариза киритдик  – «Ўзавтосаноат»

Андижонлик блогер Отабек Нуриддинов Telegram’даги каналида 150 Cobalt, Spark, Gentra машиналари билан ортилган 50 та юк машинаси 23 кундан бери Татаристоннинг Уфа шаҳрида сарсон бўлиб юргани, меҳмонхонада тунаш учун пуллари йўқлиги боис машинада ётиб юргани ҳақида ёзган. “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот хизматининг ёзишича, бу маълумот ҳақиқатга зид. Бу ҳақда "kun.uz" ёзди.

“Кеча ёрдам сўраб бир фура ҳайдовчиси мурожаат қилганди. 2 март куни ортилган машиналар билан Уфа шаҳрига етиб боришган. Таможня буларни қабул қилмаган, чунки кутиб олиши керак бўлган дилер тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаган.

Орадан бир неча кун ўтиб дилернинг Рустам исмли ишчиси келиб, вазият билан шуғулланишини айтган ва шу бўйи йўқ бўлиб кетган. У 20 март куни қайтиб келган ва бусиз ҳам оғир вазиятда қолган ҳайдовчилар билан қўпол муомалада бўлган. Шу жойда жанжаллашиб кетишган ва ҳайдовчилар ҳолатни видеога олишган”, деб ёзади Отабек Нуриддинов.

Блогернинг ҳайдовчиларга таяниб маълумот беришича, дилер UzAuto Motors заводига машина жўнатмаслик ҳақида хат жўнатган, шунга қарамасдан Уфага 50 юк машинасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 150 та автомобиль жўнатилган. Дилернинг вакилларига кўра, автозавод экспорт статистикасини ошириш учунгина бу ишни амалга оширган.

“Уфадаги дилер омборлари тўлалигини айтиб, биронта ҳам машинани қабул қилмаган. Ҳозирда “фура”ларнинг бир қисми Москвага йўл олмоқчи, лекин у ерда ҳам машиналар қабул қилиб олинишига кафолат йўқ. Ҳар бир “фура” учун ўртача 50-100$ атрофида кунлик тўлов тўланиши керак экан. Бу дегани ҳар бир кун учун 50 та “фура”га 2500-5000$. Энди буни 23 кунга кўпайтирилса... “Автопром”имиз қанча зиён кўраётганини тасаввур қилиш қийин эмас”, деб ёзади Отабек Нуриддинов.

“Ўзавтосаноат” акционерлик жамияти матбуот хизмати АЖ матбуот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилованинг билдиришича, компанияга туҳмат қилгани учун блогер устидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза киритилган.

“Юқорида кўрсатилган хабар ҳақиқатга зид бўлгани сабабли биз муаллиф устидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддаси V Бобига мувофиқ Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бу ҳақда пост муаллифи шахсий хабарнома орқали хабардор қилинган”, дейди у.

Аввалроқ “Ўзавтосаноат” UzAuto Motors енгил автомобилларнинг янги нархларини эълон қилганидан сўнг машиналарга талаб пасайиш ўрнига кўпайганини маълум қилган, бироқ олдинги ойда кўрсаткичлар қандай бўлгани ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаган, натижада компания берган маълумотларни солиштириш имконияти бўлмаган эди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1