1

Доллар нега ошиб кетяпти? Мутахассис жавоби

ИҚТИСОДИЁТ 14.04.2020, 15:21
Доллар нега ошиб кетяпти? Мутахассис жавоби

“Охирги кунларда доллар курси сезиларли ошмоқда. Бунинг сабаби нимада?»

Кўпчиликни қизиқтирган ушбу саволга АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Марказий банк Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаров жавоб берди.

"Миллий валюта курсининг ўзгариши талаб ва таклифнинг ички ва ташқи омиллари таъсирида, биринчи навбатда, жорий операциялар ҳисобварағи ўзгариши асосида шаклланади. 

Сўнгги ойларда асосий ташқи савдо ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланиши ҳамда коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чоралар натижасида трансчегаравий пул ўтказмаларнинг маълум бир даражада пасайиши кузатилмоқда. 

Ушбу омиллар таъсирида ички валюта бозорида апрель ойида сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан алмашув курси тебранувчанлигининг ошиши ва маълум даражада қадрсизланиши кузатиляпти.

Марказий банк сўм алмашув курсининг кескин қадрсизланиши эҳтимолини паст даражада баҳоламоқда. 

Дастлабки прогнозларга кўра, қисқа муддатли даврда сўм алмашув курси маълум бир кичик ўзгаришлардан кейин ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланади.

Шу билан бирга, Марказий банк тижорат банклари кассаларида конверcия операцияларини амалга ошириш учун етарли миқдорда нақд хорижий валюта мавжудлигини ва барча банкноталар дезинфекция қилинганини маълум қилади. 

Банкларнинг айирбошлаш шахобчалари одатдаги режимда ишламоқда ва нақд хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов ва тўсиқлар ўрнатилмаган."

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1