АсосийЖАМИЯТ

Депутат Гулруҳ Агзамова: "ЕОИИ масаласида "етти ўйлаб бир кесишимиз керак"

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаласида ҳукумат ва парламе...

'Депутат Гулруҳ Агзамова: "ЕОИИ масаласида "етти ўйлаб бир кесишимиз керак"'ning rasmi

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаласида ҳукумат ва парламент сиёсий вазминликни намоён этяпти. Чунки “коса тагидаги нимкоса” бизни кўпроқ ўйлантирмоқда, – дейди Олий  Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Агзамова.

Фақат “Евроосиё иқтисодий иттифоқи” иборасидагина “иқтисодий” тушунчаси бор. Лекин бу иборада ўз аксини топмаган, бироқ кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мустақиллик, сиёсий, геосиёсий, миллий қадриятлар каби масалаларда “етти ўлчаб, бир кесишимиз” керак бўлади.

Айни вақтда Ўзбекистон ЕОИИга қўшиладими ёки йўқ, деган саволни бериш ортиқча. Ҳозир кенг доираларда кўпроқ бундай қарорнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилмоқда. Мазкур жараёнда бир-бирини инкор этувчи позицияларнинг мавжудлиги масаланинг нечоғлик зиддиятли, қалтис ва долзарб эканлигини билдиради.

Агарда ЕОИИга қўшилсак, мамлакатимиз ишбилармонлари ўртасида рақобат муҳити кучаяди. Бозор талаблари, қонун-қоидалари барча учун бир хил бўлади. Гап 185 миллион аҳолиси бор улкан бозор тўғрисида кетмоқда. Республикамиз ўз бозорини тўлиқ таъминлай олганми? Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатидан бошқа қайси тармоғимиз туриб бера олади?!

Ахир Евроосиё бозорига йўл очилгач, муайян тармоқлар, масалан, автомобилсозлик, электротехника, қандолатчилик саноатимиз рақобатга дош беролмаслиги мумкинлигини инкор этиб бўлмайди-ку?! Ташқи бозорлардаги улушимиз ортармикан ёки калишимизни тўғрилаб қўйишармикан?!

ЕОИИга кириш ёки кирмаслик ҳақидаги мулоҳазаларда кўпинча меҳнат мигрантларимизнинг иш топиш, тиббий суғурта ва пенсия таъминоти билан боғлиқ муаммолари тилга олинади. Қолаверса бу кунги коронавирус пандемияси карантини даврида миллионлаб мигрантларнинг фавқулотдаги вазиятларда ватанига қайтишидаги қийинчиликлар ҳам масалага ўзгача ёндошувни талаб этмоқда.

Бундан ташқари, мигрантлар сони миллионлаб саналса, бу уларнинг ўз ватанида ҳозирча иш тополмаслигидан далолат беради, Мигрантларни кетишини эмас - қайтишини ўйлаш керак. Агар мигрантлар масаласи вақтинчалик деб ўйласак, унда ЕОИИга кириш учун бу аргумент кучсиз бўлади.

ЕОИИда Россия ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан етакчи давлат эканига, ушбу ташкилотни минтақада геосиёсий таъсирини сақлаб қолиш мақсадида тузганига шубҳа йўқ. Ушбу бирлашма охир-оқибат сиёсий блокка айланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шунингдек, Россия Ўзбекистон учун сармоя ва технологиялар етказиб берувчи ягона инвестор эмас. Юртимизда технологик масалалар бошқа давлатлар билан ҳам амалга оширилмоқда ва кейинги 10-20 йилларга ҳам аниқ чоралар белгиланган.

Россия ва Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажман бир-биридан кескин фарқланади. Мамлакатларимиз ўртасидаги йиллик савдо айланмаси 4 миллиард АҚШ долларига тенг, шундан тўртдан бир қисмигина Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.  

Бундан ташқари, чегараларни очиш, импорт учун божхона тўловларини тушириш, акциз солиғини бекор қилиш каби талаблар иқтисодиётимизни сезиларли равишда заифлаштириб қўйиши мумкин.

Масаланинг геосиёсий томони шундаки, Ўзбекистон дунёдаги қудратли давлатлар – АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳамиша масофа сақлаб келган. Тарози паллаларини оғиштирмай, бир хил мувозанатда ушлаган. Ва бу ҳамкорлар томонидан ҳурмат қилинган ва қадрланган. ЕОИИга қўшилиш эса ўз-ўзидан муайян томонга оғишни англатади. Бу эса, ўз навбатида, давлатимизнинг янгитдан шаклланаётган сиёсий имижига путур етказиши мумкин.  

Менимча, том маънода ташқи ва ички суверенитетга эга бўлган мамлакатнинг миллий манфаатлари принципиал аҳамиятга эга бўлиши керак. Интеграция жараёнларига қўшилишда эса сиёсий вазминлик, иқтисодий босиқлик тамойиллари устувор бўлиши зарур.

 

    Бошқа янгиликлар