АсосийЖАМИЯТ

“Саховат ва кўмак” – тадбиркорлар зиммасидаги мажбуриятми?

Пандемия инсониятга таслим бўлгиси келмаяпти. Бутун дунё, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам маъл...

'“Саховат ва кўмак” – тадбиркорлар зиммасидаги мажбуриятми?'ning rasmi

Пандемия инсониятга таслим бўлгиси келмаяпти. Бутун дунё, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам маълум муддат карантин шароитида яшар экан, аҳоли даромадлари пасайиши ортидан юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш учун давлат раҳбарияти ва Ҳукумат томонидан турли чоралар изланяпти, тадбирлар қилиняпти.

Худди шундай чора-тадбирлардан бири сифатида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини айтиш мумкин. 

Мазкур ташаббусни амалга ошириш учун Ҳукуматнинг тегишли ҳужжати билан “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Жамғарма маблағлари ҳомийлик ва хайрия маблағларидан таркиб топтириладиган, тушган маблағлар карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун сарфланадиган бўлди.

Аммо сўнгги кунларда ушбу ташаббусни тўғри тушунмаслик ортидан фуқароларимиз орасида турли нотўғри фикрлар ва қарашлар юзага келмоқда. 

Гўёки давлат ўзида пул бўлгани ҳолда халққа уни беришни истамаяпти, ўз мажбуриятларини тадбиркорлар зиммасига юклаяпти деган фикрлар тобора авж олиб бормоқда.

Аммо ушбу ташаббуснинг асл моҳияти ва аҳамиятини англаш учун қуйидагиларни эътиборга олиш лозим.

Биринчидан, пандемия шароитида давлат ўзининг мажбуриятларини бажаришда давом этмоқда. Хусусан, карантин тартибини таъминлаш, тестлар ўтказиш, карантинга олинганларнинг таъминоти, муҳтож фуқароларга хайрияни хавфсиз тарзда етказиб бериш, волонтёрлик ҳаракатларини тизимли ташкил этиш каби бирламчи зарур вазифалардан ташқари тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан: 

- карантин сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган 95 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиқларини (бир ойда ўртача 52 млрд сўмдан ортиқ) ҳисоблаш тўхтатилди; 

туризм ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланадиган 1700 дан ортиқ корхоналар 1 апрелдан 31 декабргача бўлган муддатга мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинди. Шунингдек, ушбу корхоналарнинг ишчиларига ойлик тўлашда ягона ижтимоий тўловни 12 фоиздан 1 фоизгача тушириш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида ушбу корхоналарнинг ҳисобида 136 млрд сўмлик маблағлар қолдирилмоқда;

- фойдаланилмай турган ер участкалари учун оширилган ҳисобда ер ва мол-мулк солиғи ҳисобланар эди. Яқин бир-икки ой ичида ишга тушириб, фаолиятини йўлга қўйиш имкони бўлган шундай объектлар пандемия сабабли ишга тушириши кечиктирилган ҳолатлари мавжуд. Шундай ҳолатдаги объектлари мавжуд 20267 та тадбиркорлик субъектларига 1 апрелдан 31 декабргача бўлган муддатга солинадиган 1,1 трлн сўмлик оширилган ставкадаги солиқлари тўхтатилди; 

- товар айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисобварақ фактурани расмийлаштиришга тўлиқ ўтган кичик бизнес субъектларига қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлаш чораклик қилиб белгиланди. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, 25200 та шундай субъектлар 450 млрд сўмдан ортиқ ҚҚСни чоракда 1 марта тўлаш имкониятидан фойдаланиши мумкин. Тадбиркорлар орасида электрон ҳисобвараққа ўтиш кўпайса, бу сумма янада ортиши мумкин;

- президентимиз фармонида жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини узлуксиз давом этишини таъминлаш мақсадида 30 триллион сўм револьвер кредит ажратилиши белгиланди. Бугунги куннинг ўзида 5,1 триллион сўм ҳажмда турли кредитлар аллақачон ажратилди.

 

Иккинчидан, талаб қилинаётгандек, 34 миллион аҳолига бир хил суммада бирдек моддий ёрдам тарқатилиши мақсадга мувофиқ эмас. Чунки бу маблағга чиндан муҳтож бўлган ва унга ҳозирча эҳтиёжи бўлмаган фуқаролар бор. Чиндан муҳтож аҳолини аниқлаш механизмлари ҳозирда ишлаб чиқилмаган. Қолаверса, ушбу маблағларнинг эгаларига етиб бормаслиги ва коррупция унинг катта қисмини “еб қўйиши” хавфи ҳам мавжуд. 

Учинчидан, давлат томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида иштирок этган тадбиркорлик субъектларига солиқ, лизинг, кредит тўловлари,  зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.

Тўртинчидан, пандемия аҳолининг реал даромадлари қисқаришига ва аҳоли бандлиги сусайишига олиб келмоқда. Талаб сусайган ушбу даврда таклиф ҳам камаяди ва бу иқтисодиётга катта салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, ҳозир экспорт-импорт амалиётида маълум қийинчиликлар бор ва бу ҳам ишлаб чиқаришга жиддий салбий таъсир қилади. Ҳозирги кунда тадбиркорлар орасида ўз активларини хорижий валютага конвертация қилиб сақлаб туришга интилиш кузатилмоқда. Аслида эса бу умумий иқтисодга ҳам, ўша тадбиркорларнинг ўзига ҳам оқибатда зарар бўлиб чиқади. Шуни эътиборга олиб, кам таъминланган ё вақтинча қийинчиликда қолган аҳолига тадбиркорлар субъектларини ривожлантириш орқали ёрдам берилиши оқибатида пул айланмаси таъминланади, талаб ошади, бу эса ўз навбати таклифни рағбатлантиради ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳаракатдан тўхтаб қолмаслиги таъминланади. Бундан ташқари, тадбиркор талабга яраша таклиф бериш учун ишлаб чиқариш ҳажмини оширади ва ишчи кучига талаби ортади, натижада аҳоли бандлиги муаммоси ҳам ҳал бўлади. 

Бешинчидан, Президент ушбу умумхалқ ҳаракатида йирик тадбиркорларни фаоллик кўрсатишга чақирди. Шу кунгача давлат томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кўплаб имтиёзлар ва преференциялар бериб келинди. Энди ушбу тадбиркорлар ҳам халқ бошига синов келганда, ёрдам қўлини узатишлари адолатдан бўлади.

Олтинчидан, фуқароларга пул маблағлари тарқатиш масаласи ҳали буткул кун тартибидан олинмади. Ҳар ҳолда, бундай гап айтилгани йўқ. Чунки ҳали пандемия ҳам, унинг ортидан келаётган иқтисодий қийинчиликлар ҳам истиқболда турибди. Масалан, коронавирусни енгдик деб баёнот берган Хитойда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани тўғрисида хабарлар келмоқда. Захиралар ўзимизники, улар ҳали янада жиддийроқ даврлар келадиган бўлса, биз учун ҳимоя қалқони вазифасини ўтайди. Ундай кунлар келмаса (келмасин, илоҳим), эртамизга ишонч кафолати бўлади.

Еттинчидан, хайрия қилиш ҳеч ким учун мажбурий эмас. Ушбу ҳаракатнинг ихтиёрийлиги Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоялаш ва мулк дахлсизлиги қонунларимиз томонидан ҳам кафолатланган.

Саккизинчидан, мазкур ташаббуснинг замирида синовли бир даврда халқимизни бирдамликка чақириш, вирус ва унинг оқибатларини ҳамжиҳатлик билан енгиш ётибди. Шунингдек, ташаббуснинг Рамазон ойи арафасида илгари сурилиши янада муҳим аҳамият касб этади. Бугунги таҳликали вазиятда, ҳаттоки ривожланган давлатларда ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли турли хайр-эҳсонлар билан қўллаб қувватланмоқда. Германияда биргина кичик хайрия ташкилоти 1300 дан ортиқ оилаларга кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини етказдириб бермоқда. Бундай хайрия ташкилотлари Германияда мингдан ортиқ. Буюк Британиянинг “Age UK”, “Compliments of the House”, “Beauty Banks”, “Sufra”  ва бошқа юзлаб хайрия ташкилотлари бугунги кунда аҳолининг эҳтиёжманд қисмига мадад қўлини чўзмоқда. Аслида, саховатпешалик, эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш борасида бизнинг халқимизга ҳеч қандай чет эл ибрати керак эмас. 

Мақсад халқнинг, тадбиркорларнинг ҳалол пешона териси билан топган маблағларини тортиб олиш эмас, ички ресурслардан унумли фойдаланиш, иқтисодиётнинг фаоллигини таъминлаш ҳамда бирдамлик туйғусини кучайтиришдир. 

 

                                                                                                                         Шаҳноза Соатова, 

                                                                                                                         Адлия вазирлиги масъул ходими

    Бошқа янгиликлар